Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга мактуб йўллади
Local
−
13:38 4179 2 minutes
Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари бўлиб ўтган сайловлар Россия жамиятининг юксак сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини яна бир бор яққол намоён этганини таъкидлаган.
Сайловчиларнинг рекорд даражадаги иштироки ва овоз бериш натижалари Россия фуқаролари Президент Владимир Путин раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни давом эттириш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган стратегик йўналишга юксак ишонч билдираётгани ҳамда уни сўзсиз қўллаб-қувватлаётганидан далолат бериши қайд этилган.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мисли кўрилмаган суръатларда ривожланаётганини катта мамнуният билан таъкидлаган. Кўп қиррали алоқаларда алоҳида ўрин тутадиган парламентлараро ҳамкорлик бундан буён ҳам икки томонлама лойиҳа ва дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилиши қайд этилган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга кучли суръат бағишлаш, уни мамлакатлар равнақи ва халқлар фаровонлиги йўлида янги ташаббуслар билан бойитишга ишонч билдирилган.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Президент Владимир Путинга мустаҳкам соғлик ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилаган.
Live
All