Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини ҳурмат билан ёдга олди
Local
−
19:34 3848 2 minutes
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни эҳтиром билан тилга олди. Давлат раҳбари бугун, 28 август куни Янги Тошкентда бўлиб ўтаётган Мустақилликнинг 35 йиллиги байрам тантаналаридаги нутқида бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз ва жадидлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасорати яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламан”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболарнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқаётгани айтилди.
“Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотираси эҳтиром билан ёд этамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев
Президент мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини таъкидлади. Ислоҳотларнинг биринчи кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш ва аҳолининг дардига дармон бўлиш асосий мақсад этиб белгилангани урғуланди.
“Инсон қадри учун” ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Биринчи галда “пахта қуллиги”, мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилгани эсланди.
“Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Live
All