ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди – Шавкат Мирзиёев
Local
−
13:25 487 2 minutes
Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида сўз очди.
Президентнинг айтишича, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар мамлакатларнинг озиқ-овқат, сув ва энергетик хавфсизлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Юзага келган вазият ШҲТ доирасида ўзаро чамбарчас боғлиқ ушбу масалалар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш заруратини тақозо этмоқда.
Ўзбекистон етакчиси ушбу кун тартибини илгари суриш мақсадида ШҲТнинг комплекс дастурларни, технологиялар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган механизмини ташкил этишни таклиф этмоқда.
Шунингдек, Президентнинг айтишича, 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бу йўналишдаги қадамлардан бири бўлиши мумкин. Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини шакллантиришни давом эттириш ўта муҳим.
“ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Логистика инфратузилмасини ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва миллий транспорт тизимларининг чоксиз ўзаро боғланишини таъминлашни унинг устувор вазифаси сифатида кўрамиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Шу билан бирга, Ўзбекистон етакчисига кўра, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақа хавфсизлиги ва тараққиёти учун фундаментал аҳамиятга эга.
“Барчамизга яратувчан минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак. Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Президент бугун ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, шунингдек, Универсал марказ ва Антинаркотик марказ тўғрисидаги низомларнинг қабул қилиниши ташкилотнинг институционал ривожланишида янги босқични бошлаб беришига ишонч билдирган.
“Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратамиз.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг ўзгармас устувор йўналишимиз бўлиб қолмоқда”, дейди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028-2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этган.
Live
All