“Санжик” сўнгги сўзини айтди
Review
−
07 October 2221 2 minutes
Бугун, 7 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримовнинг аппеляция иши бўйича суд жараёни ўз якунига етди. Бироқ ҳукм эълон қилиниши номаълум муддатга қолдирилди.
Жорий йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди томонидан фирибгарлик, ўлдириш билан таҳдид қилиш ва гиёҳвандлик воситалари муомаласига оид моддалар бўйича айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Санжар Каримовнинг апелляция иши доирасидаги суд жараёни якунланди. Судда Санжар Каримов сўнгги сўзини айтди. Шунингдек, у бугун яна бир бор айби йўқлигини билдирди.
“Мен бир нарсани – адолатни кутяпман. Ушбу суд жараёнини бутун МДҲда яшайдиган ўзбек диаспорамиз, Америкада яшайдиган диаспорамиз қанчалик адолатли ҳукм чиқади, деб кўриб турибди. Бирорта инсон мен қанақадир бир миллиграм нарсани чегарадан ўтказиш, сотиш мақсадим борлигига ишонмайди. Мен, 240 минг доллардан воз кечган инсон 400 минг сўмлик нарсани кимга сотаман? Кимга уни тарқатаман?” дейди у суд залида журналистларга.
Каримовнинг адвокатларидан бири эса ҳолатга изоҳ берди. Унинг айтишича, судьялар судланувчининг сўнгги сўзини тинглагач, бугунгача йиғилган барча далилларни ўрганиб, холисона баҳо бериш учун маслаҳатхонага киради. Бу қонуний жиҳатдан тўғри ва маслаҳатхонада айнан қанча вақтда ишни кўриб чиқиш бўйича қонунда ҳеч қандай норма мавжуд эмас.
Якунда эса судьялар маслаҳатлашувидан сўнг ҳукм чиқариш номаълум муддатга қолдирилди. QALAMPIR.UZ суд жараёнини кузатишда давом этади. Ушбу суд мажлиси бўйича репортажни эса тўлиқ шаклда QALAMPIR.UZ’нинг You tube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
Умид Сулаймонов
Live
All