Самарқандда стоматологик ҳаб ташкил этилади: тиббий таълим, клиник амалиёт ва халқаро ҳамкорлик
Business
−
15:15 603 4 minutes
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим тизимини модернизация қилиш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ҳудудларда ривожлантириш ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишдаги муҳим лойиҳалардан бири – Самарқандда замонавий стоматологик хизмат, таълим ва илмий фаолиятни ягона платформада бирлаштирувчи Стоматологик Ҳаб (Dental Hub)ни ташкил этишдир. Лойиҳа замонавий диагностика ва даволаш технологияларини жорий этиш, клиник амалиётни ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Ушбу лойиҳани амалий жиҳатдан йўлга қўйиш ҳамда стоматологик таълим ва хизматни модернизация қилиш мақсадида жорий йилнинг 9–10 октябрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Craniofacial Consilium” халқаро илмий-амалий конгресси ўтказилди. Анжуманда дунёнинг 10 дан ортиқ давлатидан 700 дан зиёд етакчи мутахассислар иштирок этди.
%20%E2%80%94%20%D0%BA%D0%BE%D0%BF%D0%B8%D1%8F%20%E2%80%94%20%D0%BA%D0%BE%D0%BF%D0%B8%D1%8F(2).jpg)
Конгрессда Австралия, Швейцария, Финландия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Малайзия ва Европанинг қатор давлатларидан олимлар ҳамда тиббиёт мутахассисларининг иштирок этиши краниофасиал тиббиёт, стоматология ва реконструктив жарроҳлик йўналишларида халқаро илмий алмашинув учун кенг имконият яратди.
Анжуман доирасидаги мулоқотлар, илмий тақдимотлар ва амалий машғулотлар маҳаллий мутахассисларнинг хорижий экспертлар билан тажриба алмашиши, янги клиник ёндашувларни муҳокама қилиши ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Стоматологик Ҳабнинг асосий йўналишларидан бири – замонавий рақамли технологияларни клиник амалиётга интеграция қилишдир. Лойиҳа доирасида 3D технологиялар, виртуал режалаштириш ва юқори аниқликдаги жарроҳлик навигацияси каби замонавий ечимлардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу технологиялар мураккаб клиник ҳолатларни диагностика қилиш, даволашни олдиндан режалаштириш ва жарроҳлик амалиётларининг аниқлигини ошириш имконини беради.
.png)
Бундай ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, мураккаб краниофасиал патологиялар ва стоматологик касалликларни даволаш бўйича юқори технологик хизматларни ҳудуднинг ўзида ривожлантириш имконияти кенгаяди. Натижада беморларнинг мураккаб тиббий ёрдам олиш учун бошқа ҳудудлар ёки хорижий давлатларга мурожаат қилиш зарурати камайиши мумкин.
Шунингдек, “Craniofacial Consilium” конгрессининг амалий дастури доирасида 10 октябрь куни СамДТУ кўп тармоқли клиникасида “Live surgery” – жонли жарроҳлик амалиёти ташкил этилди. Мазкур амалиётда хитойлик профессор Ҳанвеи Пенг (Hanwei Peng) иштирокида мураккаб бўйин патологиясига оид жарроҳлик амалиёти намойиш этилди.
.jpg)
Жонли жарроҳлик формати халқаро экспертларнинг клиник тажрибасини маҳаллий мутахассислар ва тиббиёт таълими иштирокчиларига бевосита етказиш имконини беради. Бундай формат, айниқса, жарроҳлик қарорларини қабул қилиш, операцион тактика, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва клиник ёндашувларни амалий мисол асосида муҳокама қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
.jpg)
Амалиётнинг СамДТУ кўп тармоқли клиникасида ўтказилиши университетнинг клиник инфратузилмаси ва замонавий тиббий таълим учун яратилган амалий имкониятларини намойиш этувчи муҳим жиҳатлардан биридир.
Шу ўринда айтиш жоизки, университетда стоматологик таълимнинг амалий компонентини кучайтиришга қаратилган технологик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Университетда Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб Planmeca Group компанияси томонидан стоматология факультети талабалари учун стоматологик симуляторлар, CAD/CAM технологияли тиш протезлаш лабораторияси, конус-нурли компьютер томографияси ва ўргатувчи робот технологиялари синфи фойдаланишга топширилди.
Мазкур инфратузилма талабаларга клиник кўникмаларни реал беморда амалиёт ўтказишдан аввал симуляция муҳитида шакллантириш имконини беради. CAD/CAM технологияларидан фойдаланиш эса замонавий рақамли стоматология тамойилларини таълим жараёнига интеграция қилишга хизмат қилади. Натижада стоматологик таълимнинг назарий билим, симуляцион тайёргарлик ва клиник амалиётдан иборат узвий модели шаклланмоқда.
%20%E2%80%94%20%D0%BA%D0%BE%D0%BF%D0%B8%D1%8F%20%E2%80%94%20%D0%BA%D0%BE%D0%BF%D0%B8%D1%8F(3).jpg)
Конгресс доирасида стоматология ва тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи халқаро компанияларнинг инновацион маҳсулот ва технологиялари ҳам намойиш этилди.
Хусусан, Planmeca Group, SPLAT, R.O.C.S., MegaGen va Bonegraft Biomaterials компаниялари томонидан ташкил этиладиган кўргазмаларда замонавий стоматологик технологиялар, материаллар ва клиник амалиёт учун мўлжалланган ечимлар тақдим этилди.
Бундай кўргазмалар илмий ҳамжамият, клиник амалиётчилар, таълим муассасалари ва тиббиёт технологиялари ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча платформа вазифасини бажаради.
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
All