Саида Мирзиёева Туркиянинг қирувчи самолётларини бориб кўрди

Local

−

image

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Туркиянинг “Baykar” компанияси мажмуасида бўлиб, юқори технологиялар, хусусан, мудофаа саноати соҳасидаги илғор лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Саида Мирзиёеванинг билдиришича, бундай ютуқлар замирида кўп йиллик илмий изланишлар, иқтидорли муҳандисларнинг меҳнати ҳамда миллий технологияларни ривожлантиришга киритилган инвестициялар турибди. Туркиянинг бу борадаги тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга.

“Мутахассисларимиз ўртасида тажриба алмашиш ҳамда технологик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун имкониятлар борлигини кўрмоқдаман”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Қайд этиш жоиз, Саида Мирзиёевага ушбу танишув жараёнида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қизи Сумая Эрдўған Байрактар ҳамда унинг турмуш ўртоғи Селчук Байрактар ҳамроҳлик қилган.

Маълумот учун, “Baykar” (расмий номи Baykar Makina Sanaye ве Ticaret А.Ş.) — Туркиянинг авиация, мудофаа саноати ва илғор технологиялар соҳасидаги етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компанияга 1984 йилда муҳандис Ўздемир Байрактар томонидан асос солинган бўлиб, у дастлабки йилларда автомобилсозлик саноати учун эҳтиёт қисмлар ва двигатель компонентларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган. 2000 йилларнинг бошларида эса Ўздемир Байрактар ҳамда унинг ўғиллари Ҳалук ва Селчук Байрактарлар бошчилигида компания фаолият йўналишини тубдан ўзгартириб, миллий учувчисиз учиш аппаратларини (дронларни) ҳамда тегишли дастурий таъминот ва C4I тизимларини ишлаб чиқаришга эътиборини қаратган.

Истанбулда жойлашган компания қисқа фурсат ичида Туркиянинг ҳарбий-техник мустақиллигини таъминлашда ва уни глобал дрон бозорида етакчи давлатга айлантиришда асосий локомотив ролини ўйнаган. Компаниянинг энг танилган маҳсулоти — дунё бўйлаб катта обрў қозонган “Bayraktar TB2” тактик-зарбдор дрони бўлиб, у бир қанча ҳудудий низоларда ва ҳарбий амалиётларда, хусусан, Иккинчи Қорабоғ уруши ва Россия-Украина ўртасидаги низода қўлланилган. Шунингдек, Ўзбекистон ихтиёрида ҳам ушбу дронлар мавжуд. Мазкур дронларнинг асосий муаллифи ва лойиҳачиси — туркиялик муҳандис ва тадбиркор, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байрактар ҳисобланади. У “Baykar” компаниясининг техник директори ва бош лойиҳачиси.

Бундан ташқари, “Baykar” компанияси оғир ва стратегик вазифаларни бажаришга мўлжалланган “Bayraktar Akıncı”, кемалардан учишга мослаштирилган қанотлари йиғилувчи “Bayraktar TB3” ва Туркиянинг илк реактив двигателли учувчисиз қирувчи самолёти ҳисобланган “Bayraktar Kızılelma” каби илғор лойиҳаларни муваффақиятли ишлаб чиққан ҳамда оммавий ишлаб чиқаришга киритган.

Бугунги кунда “Baykar” ўз маҳсулотларининг қарийб 90 фоиздан ортиғини дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилувчи йирик халқаро компанияга айланган. У нафақат учувчисиз аппаратлар, балки сунъий интеллект, автоном бошқарув ва сунъий йўлдош технологиялари соҳасида ҳам доимий равишда янги тадқиқотлар олиб бормоқда, шунингдек, халқаро авиация саноатида ўз ўрнини кенгайтириб бормоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends