Саида Мирзиёева Эрдўғаннинг қабулида бўлди
Local
−
17:43 1558 2 minutes
Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қабулида бўлди. Бу ҳақда Туркия Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентлик мажмуасида бўлиб ўтган қабул матбуот учун ёпиқ тарзда ўтган. Қабулда Туркия Президентлик Махсус маъмурияти раҳбари Ҳасан Дўған ҳам иштирок этган.

Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида учрашув ҳақида ёзиб қолдирди.
“Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашганимдан хурсандман. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг энг эзгу, самимий тилакларини етказдим”, деб ёзди у.


Шунингдек, Саида Мирзиёеванинг ёзишича, Ўзбекистон ва Туркияни дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Мулоқот чоғида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижалари ва мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Жаноб Президентга самимий қабул, Ўзбекистонга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда қардош халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаётгани учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Истанбул шаҳрида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўғли Нажмиддин Билол Эрдўған билан биргаликда Ибн Халдун университети ва “Енидоғу” мактабига боргани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қизи Сумая Эрдўған Байрактар ҳамда унинг турмуш ўртоғи Селчук Байрактар ҳамроҳлигида Туркиянинг “Baykar” компанияси мажмуасида бўлиб, юқори технологиялар, хусусан, мудофаа саноати соҳасидаги илғор лойиҳалари билан танишди.
Live
All