Руминиядаги ягона АЭС ҳам ўчирилди
World
−
17:52 1348 2 minutes
Руминия Дунай дарёсидаги сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши сабаб мамлакатдаги ягона атом электр станцияси – “Чернаводэ” АЭСнинг сўнгги ишлаётган реакторини ҳам тўхтатди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, Дунай суви станция реакторларини совитишда фойдаланилади. Қурғоқчилик оқибатида дарёдаги сув ҳажми кескин камайгани сабаб июль охирида биринчи реактор, кеча, 13 август куни эса иккинчи реактор ҳам ўчирилган. Уни камида кейинги 10 кун ичида қайта ишга тушириш режалаштирилмаган.
Ҳар бири 706 мегаватт қувватга эга бўлган икки реактор Руминия электр энергияси ишлаб чиқаришининг қарийб 20 фоизини таъминлаб келган. Вазият ортидан мамлакат август ойи давомида энергетик фавқулодда ҳолат эълон қилиб, аҳоли ва корхоналарни электр истеъмолини камайтиришга чақирган.
Реакторларнинг тўхташи қўшни Молдова учун ҳам муаммоларни кучайтирмоқда. Мамлакат электр энергияси танқислигининг 60 фоизигача бўлган қисмини Руминиядан импорт қилинадиган электр орқали қоплайди. Эндиликда Молдова Украинадан кўпроқ электр харид қилиш, Ғарб давлатларидан қимматроқ энергия сотиб олиш ёки электр таъминотида чекловлар жорий этишга мажбур бўлиши мумкин.
Руминия Энергетика вазирлиги электр танқислигини қоплаш мақсадида қўнғир кўмирда ишловчи 330 мегаваттли иссиқлик электр станциясини ишга туширганини маълум қилган. Зарурат туғилса, йирик саноат корхоналари фаолиятига ҳам вақтинчалик чекловлар киритилиши мумкин.
Қурғоқчилик Европадаги бошқа атом электр станцияларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Францияда АЭСлар ишлаб чиқариш қуввати 20 фоиздан ортиққа қисқарган бўлса, Венгрия Дунай суви билан совитиладиган “Пакш” АЭСни тўлиқ тўхтатиб қўймаслик учун махсус чоралар кўрмоқда.
Мутахассислар Европадаги қурғоқчилик ва сув танқислиги инсон фаолияти оқибатидаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини, келгусида бундай ҳолатлар янада кўпайиши эҳтимоли борлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Петер Мадяр Дунайдаги сув сатҳининг 44 йил ичида илк бор рекорд даражада пасайиб кетиши сабабли мамлакатдаги ягона “Пакш” АЭС фаолияти тўхтатилишини эълон қилганди.