Рубионинг Ўзбекистонга келиш санаси эълон қилинди
Local
−
10:22 2725 2 minutes
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жорий йилнинг 17–22 октябрь кунлари Самарқанд (Ўзбекистон), Мумбай (Ҳиндистон) ва Жамнагар (Ҳиндистон) шаҳарларига ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Рубио Ўзбекистонда C5+1 вазирлар учрашувида иштирок этади.
“Ушбу дипломатик платформа орқали амалга оширилаётган стратегик ҳамкорлик АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун янада тинч ва фаровон келажакни қандай таъминлаётганини таъкидлаб ўтади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби C5 гуруҳига кирувчи барча мамлакатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғиз Республикасининг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Ушбу тарихий ташриф давомида Рубио 200 дан ортиқ бизнес етакчиларидан иборат АҚШ тижорат делегациясига бошчилик қилади ва бу билан АҚШ ҳамда Марказий Осиё ўртасидаги мустаҳкамланган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб беради.
Сўнг Рубио жорий йилдаги иккинчи расмий ташрифи билан Ҳиндистонга жўнаб кетади. У АҚШ-Ҳиндистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, минтақавий ва глобал динамика бўйича фикр алмашиш ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш учун юқори лавозимли ҳукумат расмийлари билан учрашади. Шунингдек, у тижорий инвестициялар ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини илгари суриш мақсадида бизнес етакчилари билан ҳам учрашув ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президентининг глобал шериклик бўйича махсус вакили Паоло Замполли АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистонга ташриф буюришни истаётгани, бироқ эҳтимолий ташриф муддати ҳозирча номаълум эканини айтган эди.
Live
All