Рубио ўрнига АҚШ давлат котиби бўлиши мумкин бўлган номзод маълум қилинди
World
−
09:25 1862 3 minutes
АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси Серджио Гор давлат котиби Марко Рубио ўрнини эгаллаши мумкин. АҚШ Президенти Дональд Трамп атрофидагилар уни бир нечта юқори лавозимларга, жумладан, давлат котиби лавозимига номзод сифатида кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўнта манбага таяниб, “The Washington Sun” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Гор номзоди республикачилар оралиқ сайловларда мағлубиятга учраганидан кейин Трамп атрофидаги доираларда муҳокама қилинмоқда. Унга ҳозирда Марко Рубио эгаллаб турган давлат котиби лавозими, Сьюзи Уайлс ўрнига Оқ уй аппарати раҳбарлиги ёки Кристофер Ландау ўрнига давлат котибининг биринчи ўринбосари лавозими таклиф этилиши мумкин.
.png)
Ички муҳокамалардан хабардор АҚШ расмийсининг айтишича, Гор жамоатчилик олдида янада фаолроқ рол ўйнашни истайди.
Давлат департаменти ва республикачилар орасидаги айрим вакиллар Рубионинг 2028 ёки 2032 йилги президентлик сайловларида қатнашишга тайёргарлик кўриш учун маъмуриятни тарк этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Нашр, шунингдек, Сьюзи Уайлснинг Трамп атрофидаги мавқеи ҳам беқарор эканини қайд этган.
Горнинг ўзи эса бошқа лавозимга ўтиш ниятида экани ҳақидаги хабарларни рад этган.
“Бу хабар мутлақо бемаънилик. Давлат котиби Марко Рубио тарихдаги энг малакали, муваффақиятли ва ажойиб давлат котиби эканини исботлади. Унинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, у менинг яқин дўстим. Мен бошқа ҳеч қандай лавозимга қизиқмайман”, деган Гор нашрга.
АҚШ Давлат департаменти ҳам унинг лавозими кўтарилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этган. Давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Дилан Жонсон бу маълумотларни аноним манбаларга асосланган уйдирма миш-мишлар деб атаган.
Оқ уй вакили ҳам Гор бошқа лавозимга қизиқмаётганини билдирган. Унинг айтишича, Гор Рубио ва Уайлс ўз вазифаларини яхши бажараётганини ҳисоблайди.
Гор аввалроқ Оқ уйда кадрлар сиёсати бошқармасига раҳбарлик қилган. У минглаб давлат лавозимларига номзодларни танлаш ва текшириш билан шуғулланган. Шунингдек, 2024 йилги президентлик сайловларида Трампнинг сайловолди штабида ишлаган ва қарийб 10 йил Капитолийда фаолият юритган.
У 2025 йил ноябрь ойида АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси этиб тайинланган. Бундан ташқари, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича АҚШ махсус вакили лавозимини ҳам эгаллайди. Трамп билан бевосита алоқаси туфайли Гор хорижий вакиллар билан музокараларда, жумладан, Ҳиндистондан ташқарида ҳам қатнашади. Рубио аввалроқ унинг президент билан тўғридан тўғри алоқасини Давлат департаменти ва мезбон мамлакат учун “улкан устунлик” деб атаган.
Нашрнинг қайд этишича, Горнинг вазирлар маҳкамасидаги лавозимлардан бирини эгаллаши ҳозирча аниқ эмас. Бундай тайинлов Сенат томонидан тасдиқланиши керак. Унинг Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзоди кўриб чиқилганида, Сенатдаги барча демократлар тайинловга қарши овоз берган.
Аввалроқ, “The Daily Mail” манбалари республикачиларнинг оралиқ сайловлардаги мағлубиятидан кейин Оқ уйда тушкун муҳит юзага келгани ҳақида хабар берган эди. Юқори мартабали амалдорларга кўра, Трампнинг жаҳли чиққан ва у атрофидагилар билан деярли гаплашмаган. Нашр суҳбатдошлари мағлубият учун Рубио ва Пентагон раҳбари Пит Хегсетни масъул деб ҳисоблаган. Газета манбаларидан бири Рубионинг сиёсий фаолияти якунланиши мумкинлигини айтган.