“Руҳий зарба”. Миллий сертификат имтиҳонлари лимити бўйича тушунтириш берилди

Local

image

Жорий йил 17 сентябран 18 сентябрга ўтар кечаси Ўзбекистонда миллий сертификат имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтиш имконияти очилган, бироқ имтиҳонга кирувчи талабгорлар бўйича лимит жуда тез тўлиб қолган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўқитувчи-репетиторлардан бири эса бу вазият “руҳий зарба” бўлганини ёзди. Мазкур ҳолат юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сертификат имтиҳонларига ташкилий жиҳатдан сифатли, бенуқсон тайёргарлик кўриш, ўтказишда адолат, шаффофлик ва талабгорлар учун етарли шарт-шароит яратиш, натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг-2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Айнан мазкур ўзгартиришларга мувофиқ, тест синовларини ўтказиш жойи, муайян ҳудудлар бўйича ўтириш ўринлари сони ҳамда имтиҳон саналари белгиланади. Шундан келиб чиққан ҳолда 2026 йилнинг иккинчи ярми учун, яъни сентябрь ойида 125 минг 753 та, октябрь ойида 129 минг 535 та, ноябрь ойида 112 минг 335 та ва декабрь ойида 128 минг 680 та, жами 496 минг 303 та ўтириш ўрни белгиланган.

Шу билан бирга, миллий сертификат имтиҳонларини ўтказиш даврийлиги ҳам оширилмоқда. Хусусан, 2026 йил сентябрь-декабрь ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан 2 мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан 1 марта, жами 15 та имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган (2025 йил-сентябрь-декабрь-ойларида жами 11 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларда 255 минг 217 нафар талабгор иштирок этган).

Билдирилишича, ҳудудлар кесимида ўтириш ўринларини белгилаш талабгорларнинг имтиҳонда иштирок этишини чеклаш, тўловларни камайтириш ёки юқори натижа кўрсатиши мумкин бўлган талабгорлар сонини сунъий равишда қисқартириш мақсадини кўзламайди. Мазкур тартибнинг мақсади мавжуд инфратузилма, техник воситалар, ходимлар ва назорат ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда имтиҳонларни барқарор ва сифатли ташкил этиш, ҳудудлар бўйича юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилишни таъминлашдан иборат.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends