Россияда вабо хавфи. Ўзбекистон хавотирда
Review
−
20:55 1135 5 minutes
Россияда 27 ёшли аёл вабодан вафот этгани айтилмоқда. Унинг ўлимидан сўнг бемор ётган Россиянинг Иркутск вилоятидаги Шелехов шифохонаси карантинга ёпилди. Марҳума билан алоқада бўлган шахслар эса изоляция қилиниб, тиббий кузатувга олинди. Ўлим сабаби ҳозирча мутахассислар томонидан тури аниқланаётган инфекция билан боғлиқ. Россияда мутахассислар вафот этган бемор билан алоқада бўлган жами 197 кишини аниқлаган. Улардан 189 нафари профилактик кузатув учун шифохонага ётқизилган, яна саккиз нафари ҳозирча карантиндан ташқарида қолмоқда. Россиядаги вабо хавфи ҳақидаги ташвишли хабарлардан сўнг Ўзбекистонда ҳам эпидемиологик тайёргарлик кучайтирилди
Россияда вабо тарқаляптими?
Қайд этилишича, бемор жорий йилнинг 29 сентябрь куни шифохонага ётқизилган. Дастлаб шифокорлар COVID-19 нинг оғир кечишини гумон қилган, бироқ кейинроқ вабо юқтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бунинг ортидан Telegram-каналлар, хусусан, SHOT, “Baza” ва “Mash” марҳума вабога қарши институтда ишлаганини ҳамда Бурятиядаги хизмат сафарида ёки лабораторияда пробиркани синдириб қўйиб, касалликни юқтирган бўлиши мумкинлигини ёзган.
Иркутск Эпидемиология ва микробиология институти ушбу маълумотни рад этган: матбуот хизмати аёл уларда ҳеч қачон ишламаганини, институтнинг ўзи эса вабо қўзғатувчисини тадқиқ қилиш билан шуғулланмаслигини маълум қилган. Бошқа соҳавий муассасалар ва Роспотребнадзор томонидан марҳуманинг иш жойи ҳақида ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилгани йўқ.
Мутахассислар вафот этган бемор билан алоқада бўлган жами 197 кишини аниқлаган. Улардан 189 нафари профилактик кузатув учун шифохонага ётқизилган, яна саккиз киши ҳозирча карантиндан ташқарида қолмоқда. Шу билан бирга, ҳокимият органлари аниқланган мулоқотда бўлган шахсларда касаллик белгилари йўқлигини ва лаборатория тадқиқотлари натижалари манфий чиққанини хабар қилмоқда.
Шелехов шифохонасида бир қатор бўлимларнинг беморларни қабул қилиши ва чиқариши, шунингдек, лаборатория иши вақтинча тўхтатилган. Россияда инсоннинг вабо билан касалланиши бўйича охирги ҳолат 2016 йилда Олтойда қайд этилган. Агар ҳозирги гумон ўз тасдиғини топса, Иркутск вилояти учун бу охирги ўн йил ичидаги биринчи шундай ҳолат бўлади.
Ўзбекистон нимадан хавотирда?
Ижтимоий тармоқларда ростдан ҳам ҳолат қайд этилгани ҳақида маълумотлар тарқалганидан сўнг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистонда тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда Россия Федерациясининг ваколатли идоралари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали вазият мунтазам равишда кузатиб борилмоқда. Хусусан, касаллик ташхисининг лабораторияда тасдиқланган ёки тасдиқланмагани, эҳтимолий юқиш манбаи ва йўллари, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши ҳамда у билан мулоқотда бўлган шахсларга оид маълумотлар ўрганилмоқда.
“Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилган”, дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, қўмита эпидемиологик вазиятда ўзгариш юз берган тақдирда жамоатчиликка белгиланган тартибда қўшимча ахборот тақдим этилишини қайд этган.
Ўзбекистонда вабо аниқланганми?
Аёлнинг вабодан вафот этгани ҳали тасдиқланмаган бўлса-да, касалликка қарши ҳаракатлар бошланиб кетди. Нафақат Россияда, балки Ўзбекистонда ҳам. Бу хавотирлар бежиз эмас. Чунки вабо ўта хавфли ва юқумли ичак инфекцияларидан бири ҳисобланади. Касаллик ингичка ичакнинг шикастланиши, организмнинг кучли сувсизланиши, заҳарланиш ва умумий ҳолатнинг оғирлашиши билан кечади.
Вабо қўзғатувчи микроорганизм вабо вибриони деб аталади. У асосан беморнинг ахлати ва қусиши орқали ташқи муҳитга чиқади. Вибрион тушган сув ёки озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида касаллик юқиши мумкин. Вабо вибриони сув ва нам муҳитда маълум вақтгача яшаб қолиши мумкин. Масалан, баъзи сув ҳавзаларида 15-30 кунгача, дарё сувида эса ундан ҳам узоқроқ вақт давомида сақланиш эҳтимоли мавжуд. Бироқ дезинфексияловчи воситалар ва қайнатиш вибрионни тезда йўқ қилади. Шу сабабли, вабо гумони пайдо бўлган ҳолларда сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, дезинфекция ишларини олиб бориш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонда вабо касаллиги билан оғриган беморлар қайд этилмаган. 2022 йилда Афғонистонда аниқланган вабо касаллиги Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида хавотирли хабарлар тарқалди. Кейинчалик бу хабарлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков томонидан рад этилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳудудида вабо касаллиги бирор марта ҳам қайд этилмаган. Вабо касаллигини дунёнинг барча ҳудудларидаги очиқ сув ҳавзаларида учратиш эҳтимоли йўқ эмас. Бугунги кунга қадар дунёда 7 марта вабо пандемияси қайд этилган.
Маълумот учун, вабо дастлаб 1816 йилда Ҳиндистонда – Ганг дарёси водийсида пайдо бўлган. У ерда турмуш шароити оғир бўлгани сабабли, аҳолининг бошқа мамлакатларга кўчиб кетиши натижасида касаллик дастлаб Европага, кейинчалик эса бутун дунёга тарқалди.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Россияда расман 834,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ишлаётгани қайд этилган. Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, Россиядаги ўзбекистонликлар сони 2,5-3 миллион атрофида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Россиядан Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Россиялик сайёҳлар жорий йилнинг куз мавсуми учун Ўзбекистонга авиачипталарни фаол банд қилмоқда. Кузги авиачипталар бронлаш улушининг ўсиши бўйича Ўзбекистон мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 5,2 фоиз бандга ошган. Агар Россияда вабо тарқалиши тасдиқланса, ушбу кўрсаткичлар ўта хавфли юқумли касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли юқори эканлигини кўрсатади.
Live
All