Россияда ваҳима: 27 ёшли аёл вабодан ўлгани айтилмоқда 

World

−

image

Россиянинг Иркутск вилоятидаги Шелехов шифохонасида 27 ёшли бемор аёл вафот этди. Унинг ўлимидан сўнг шифохона карантинга ёпилди, аёл билан алоқада бўлган кишилар эса изоляция қилиниб, тиббий кузатув остига олинди. Ўлим сабаби ҳозирча мутахассислар томонидан тури аниқланаётган инфекция билан боғланмоқда. Ушбу фонда ижтимоий тармоқларда вабо касаллигини юқтириш эҳтимоли ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Қайд этилишича, бемор жорий йилнинг 29 сентябрь куни шифохонага ётқизилган. Дастлаб шифокорлар COVID-19 нинг оғир кечишини гумон қилган, бироқ кейинроқ вабо юқтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бунинг ортидан Telegram-каналлар, хусусан, SHOT, “Baza” ва “Mash” марҳума вабога қарши институтда ишлаганини ҳамда Бурятиядаги хизмат сафарида ёки лабораторияда пробиркани синдириб қўйиб, касалликни юқтирган бўлиши мумкинлигини ёзган.

Иркутск Эпидемиология ва микробиология институти ушбу маълумотни рад этган: матбуот хизмати аёл уларда ҳеч қачон ишламаганини, институтнинг ўзи эса вабо қўзғатувчисини тадқиқ қилиш билан шуғулланмаслигини маълум қилган. Бошқа соҳавий муассасалар ва Роспотребнадзор томонидан марҳуманинг иш жойи ҳақида ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилгани йўқ.

Мутахассислар вафот этган бемор билан алоқада бўлган жами 197 кишини аниқлаган. Улардан 189 нафари профилактик кузатув учун шифохонага ётқизилган, яна саккиз киши ҳозирча карантиндан ташқарида қолмоқда. Шу билан бирга, ҳокимият органлари аниқланган мулоқотда бўлган шахсларда касаллик белгилари йўқлигини ва лаборатория тадқиқотлари натижалари манфий чиққанини хабар қилмоқда.

Шелехов шифохонасида бир қатор бўлимларнинг беморларни қабул қилиши ва чиқариши, шунингдек, лаборатория иши вақтинча тўхтатилган. Россияда инсоннинг вабо билан касалланиши бўйича охирги ҳолат 2016 йилда Олтойда қайд этилган. Агар ҳозирги гумон ўз тасдиғини топса, Иркутск вилояти учун бу охирги ўн йил ичидаги биринчи шундай ҳолат бўлади.

Маълумот учун, вабо (cholera) – ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири. Вабо микроби (вибрион деб аталади) классик Вабо вибриони ва Эль-Тор вибриони деб аталадиган икки турга ажратилади. Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум-тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15-30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин. Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади. Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан пешоби билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида мазкур касаллик юқиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вабо тарқалишининг глобал хавфини жуда юқори деб ҳисоблаётгани ва бутун дунё мамлакатларида ўлим даражасини камайтириш ҳамда касаллик тарқалишини жиловлаш учун шошилинч чоралар кўрилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends