Россияда бензин танқислиги инқирознинг энг юқори нуқтасига қайтмоқда
World
−
22:13 964 2 minutes
Россияда ҳокимият органлари ёқилғи билан боғлиқ вазият нормаллашаётганига ишонтирмоқда, аммо шохобчаларда навбатлар яна ортиб боряпти, кўплаб АЁҚШларда (ҳатто Москва вилоятида ҳам) бензин йўқ, ҳудудлар эса уни сотишга чекловларни қайтармоқда. Бу ҳақда Энергетика ва молия институти (ИЭФ) таҳлилига таяниб, “The Moscow Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ИЭФ вазиятни йирик чакана банклар, энг аввало, каталогида 29,8 минг АЁҚШ бўлган “Сбер”нинг ёқилғи карталари бўйича операциялари маълумотлари асосида баҳолайди.
“Банк карта орқали тўловни қайд этади. Агар ёқилғи қуйилган бўлса, “ёқилғи бор” мақоми берилади”, дея тушунтиради ИЭФ.
Агар шохобчада ёқилғи йўқлиги аниқ бўлса ёки у ёпиқ бўлса, “ёқилғи йўқ”, агар тегишли тўлов бўлмаган бўлса, “маълумот йўқ” мақоми берилади.
“Сбер” АЁҚШларни “ёқилғи йўқ” деб деярли белгиламайди, унинг асосий кўрсаткичи – сигнал бераётган АЁҚШларнинг қанча улуши аниқ “ёқилғи бор” мақомисиз қолаётганидир”, деб қайд этади ИЭФ.
14 август ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 37,3 фоизни ташкил этган. Олдинроқ, инқирознинг энг юқори нуқтасида (ИЭФ ҳисоб-китоблари ўшанда бошланган) у 33 фоиз атрофида бўлган.
Энг ёмон вазият Якутия ва Шимолий Осетияда – у ердаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг ярмида “ёқилғи бор” деб ишонч билан айтиб бўлмайди. “Сбер” маълумотларига кўра, энг муаммоли ҳудудлар қаторига Шимолий Кавказнинг бошқа республикалари, Қалмоғистон ва Мордовия, Астрахань ва Курган вилоятлари киради: уларнинг барчасида кўрсаткичлар 43 фоиздан ошади. AI-95 ҳамма жойда AI-92 га қараганда сезиларли даражада танқисроқ.
Кавказда “муаммоли” шохобчаларнинг юқори улуши кўпинча ёқилғининг оммавий жисмоний танқислигини эмас, балки карталар орқали амалиётлар изининг кучсизлигини акс эттиради. Бироқ ушбу “кун сайин такрорланадиган ва солиштириладиган индикатор”нинг ўзгариши умумий вазиятни акс эттиради, деб ҳисоблайди институт.
Мамлакат Бош вазири ўринбосари Александр Новак “заиф” ҳудудларни ёқилғи билан таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўришни топширган. Ҳукумат 14 август куни Оренбург, Липецк, Тверь ва Орёл вилоятлари, Тува, Краснодар ўлкаси, Хакасия, Забайкалье, Приморье ва Красноярск ўлкаларидаги вазиятни ўрганиб чиққан.
ИЭФ таҳлил қилаётган бошқа банкларнинг маълумотлари шуни кўрсатадики, “барқарорлашув” амалда “юқори даражадаги турғунлик” бўлиб чиққан. Ёқилғи танқислиги кўпчилик учун “янги меъёр”га айланган.
Live
All