Россия Украинани электрсиз қолдиришни режалаштирмоқда – NYT
World
−
08:20 1167 2 minutes
Россия Украина энергетика тизимини бутунлай ишдан чиқаришни режалаштирмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тузилган ҳужум режаси Украина расмийлари қўлига тушди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Украина Энергетика вазири Денис Шмигаль сентябрь охирида ушбу режани Европанинг икки сиёсатчисига кўрсатган. Ҳужжатнинг рус тилидаги нусхаси “The New York Times” ихтиёрига ҳам келиб тушган. Бироқ нашр унинг ҳақиқийлигини мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Ҳужжатга кўра, Россия Украина энергетика тизимига ракеталар, бошқариладиган авиабомбалар ва дронлар, жумладан, реактив дронлар ёрдамида уч босқичда ҳужум қилишни режалаштирган.
Биринчи босқичда Украинанинг ғарбий ҳудудларидаги подстанцияларга зарба берилади. Бу мамлакатнинг Европадан электр энергияси импорт қилиш имкониятини чеклаш учун мўлжалланган.
Иккинчи босқичда гидроэлектр станциялари нишонга олинади.
Учинчи босқичда эса Украина назоратида қолаётган учта атом электр станциясини электр билан таъминлайдиган подстанцияларга зарба бериш режалаштирилган. Запорожье АЭС эса ҳозир Россия қўшинлари назоратида.
Нашрга кўра, режанинг асосий мақсади Киев, Харьков ва Одесса каби йирик шаҳарларни электр энергияси, иссиқлик ва сувсиз қолдириш орқали гуманитар инқироз юзага келтиришдан иборат. Ҳужжатда ушбу шаҳарлардаги электр ва иссиқлик таъминотини 90 фоизгача қисқартириш ҳамда канализация тизимларининг катта қисмини ишдан чиқариш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, Россия қарийб 15 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини йўқ қилишни режалаштирмоқда. Бу Украина 2026 йил ёзининг охирида эга бўлган ишлаб чиқариш қувватининг деярли барчасига тенг.
Украина Энергетика вазири август ойида йил охиригача мамлакатдаги электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 21 гигаваттга етказилишини айтган. Бу ўтган қишда қайд этилган 18 гигаваттлик максимал талабни қоплаш учун етарли бўлиши керак эди. Бироқ Россиянинг энергетика объектларига давом этаётган ҳужумлари Украинага қиш олдидан ишлаб чиқариш қувватларини оширишга халақит бериши мумкин. Бу ҳақда “The New York Times“ суҳбатлашган экспертлар маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия билан ўт очишни тўхтатишнинг тўрт варианти мавжудлигини айтганди.
Live
All