Россия 770 минг нафаргача аскаридан айрилган бўлиши мумкин – ОАВ
World
−
16:55 804 2 minutes
Россия Украинага қарши урушда 770 минг нафаргача ҳарбий хизматчисини йўқотган бўлиши мумкин. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ҳалок бўлган ва яраланган россиялик ҳарбийларнинг умумий сони 2,1 миллион нафарга етган. Бу ҳақда “The Economist” нашрининг янги тадқиқотида сўз боради.
Ҳисоб-китобларга кўра, Россия армиясининг жами йўқотишлари 1,4 миллиондан 2,1 миллион нафаргача. Шундан 374 минг нафардан 770 минг нафаргача ҳарбий ҳалок бўлган. Қолганлари яраланганлар ҳисобланади.
“The Economist” аввалроқ ҳам Россия йўқотишлари бўйича ҳисоб-китобларни эълон қилган. 2025 йилнинг июлида ҳалок бўлганлар сони 190–350 минг, жами йўқотишлар эса 900 минг–1,3 миллион нафар деб баҳоланган. Жорий йилнинг май ойида бу кўрсаткичлар мос равишда 280–518 минг ва 1,1–1,5 миллион нафарга етган. Демак, сўнгги беш ойда ҳалок бўлганлар сонининг қуйи баҳоси 94 мингга, юқори баҳоси эса 252 мингга ошган.
Россия урушдаги йўқотишлари бўйича аниқ расмий статистикани эълон қилмайди. Шу сабабли “The Economist” Ғарб разведка идоралари, мудофаа вазирликлари ва мустақил тадқиқотчилар маълумотларини бирлаштирган статистик моделдан фойдаланади. Ҳисоб-китобларда жанглар шиддати ва фронт чизиғидаги ўзгаришлар ҳам ҳисобга олинади.
Украина томони келтирган маълумотларда ҳам Россия армияси катта йўқотишларга учраётгани айтилади. Украина Қуролли кучлари Бош штабига кўра, жорий йилнинг 29 октябрь ҳолатида Россия октябрь ойининг ўзида 49 минг 40 нафар ҳарбийсидан айрилган. Бу кенг кўламли босқин бошланганидан буён қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткичдир. Аввалги рекорд 2024 йилнинг декабрида кузатилган бўлиб, ўшанда 48 минг 670 нафар россиялик ҳарбий йўқотилгани билдирилган.
Шунингдек, Украина Мудофаа кучлари жорий йилнинг бошидан буён дронлар ёрдамида 302 минг нафар россиялик ҳарбийни йўқ қилгани ёки яралагани маълум қилинган.
Таъкидлаш жоизки, нашрнинг келтирган рақамлари мустақил тасдиқланган аниқ статистика эмас, балки турли манбалар асосида тузилган тахминий ҳисоб-китоблардир. Россия эса ўз армиясининг урушдаги ҳақиқий йўқотишлари бўйича маълумотларни ошкор қилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия дронлари Украинанинг Днепр шаҳридаги темир йўл вокзали ва Чернигов шаҳрига зарба бериши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All