Роғун ГЭСи қурилишида авария юз берди

World

−

image

Жорий йилнинг 21 октябрь куни Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши вақтида иншоотнинг сув йиғиш резервуарларидан бири ёрилиб кетди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 21 октябрь куни соат 16:15 ларда гидроэлектр станциясининг тўртинчи ярусидаги қурилиш туннелининг “Б” секциясида, цементлаш ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган. Резервуар ёрилиши оқибатида техник сув туннелда бўлган ишчилар устига ёпирилган.

“Ҳодиса туннелнинг чиқиш қисмида, №32 ва 33 бермалар ҳудудида юз берган. Ўша пайтда у ерда пудратчи “Sino Hydro” компанияси ходимлари бўлиб, ишлаб чиқариш топшириқларини бажаришаётган эди. Техник сувнинг отилиб чиқиши оқибатида улар ушбу оқим остида қолган”, дея тушунтириш берган идора.

Расмий маълумотларга кўра, туннелнинг ушбу қисмида сув йиғиш учун мўлжалланган иккита резервуар жойлашган. Юқоридаги резервуар ёрилгандан сўнг пастки сув чиқариш резервуарига ҳам шикаст етган. Оқибатда иккала резервуардаги сув бир вақтнинг ўзида туннелнинг пастки қисмига – ишчилар бўлган томонга оқиб тушган.

Билдирилишича, ҳодиса оқибатида гидроэлектр станцияси ходимларидан ҳеч ким жисмоний жароҳат олмаган. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг улар ўз ишларига қайтган.

Давлат назорати хизмати содир бўлган ҳодиса сабабларини аниқлаш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилган. Мутахассислар сув йиғиш резервуарларининг техник ҳолатини, анкерли маҳкамлагичларнинг мустаҳкамлигини ҳамда ишлаб чиқариш объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Тожикистоннинг саноат ва кончилик корхоналарида 32 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бунинг оқибатида 23 киши ҳалок бўлган, яна 19 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида Роғун ГЭС қурилишида ишлаб келган икки нафар Хитой ва бир нафар Эрон фуқароси ҳам бор.

Идора маълумотларига кўра, ўтган йили Роғун ГЭСда саккизта бахтсиз ҳодиса рўйхатга олинган. Бунда ушбу ҳодисаларда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмаган.

Роғун ГЭС Вахш дарёсида, Душанбедан қарийб 110 километр узоқликда қурилмоқда. Қурилиш якунлангач, унинг ўрнатилган қуввати 3780 МВт ни ташкил этиши керак. Станцияда ҳар бирининг қуввати 630 МВт дан бўлган олтита турбина ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, прогноз қилинаётган йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 14,4 миллиард кВт соатни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода Роғун ГЭСи каби йирик лойиҳани халқаро банклар, хорижий давлатлар ва жамғармаларнинг молиявий қўллаб-қувватлашисиз амалга оширишнинг имкони йўқлигини айтган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends