Рим яқинидаги ўқ-дорилар заводида кучли портлаш юз берди (видео)

World

image

Италиянинг Рим шаҳри жануби-шарқидаги Коллеферро яқинида жойлашган ўқ-дорилар заводида кеча, 13 август куни кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

 

Маълумотларга кўра, аввал заводда ёнғин чиққан. Ўт ўчирувчилар ва полиция воқеа жойида бўлган пайтда эса кучли портлаш содир бўлган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Коллеферродаги завод KNDS компаниясининг шуъба корхонаси KNDS Ammo Italy томонидан бошқарилади.

Коллеферро мэри Жулио Каламита журналистларга берган интервьюсида завод ёзги таътил сабабли ёпиқ бўлган пайтда портлаш юз берганини таъкидлади.

“Агар бу воқеа завод ишлаётган пайтда содир бўлганида, бу фожиа бўлиши мумкин эди”, деди у.

KNDS баёнотида ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа тафсилотлар ҳозирда воқеа жойидаги мутахассислар томонидан ўрганилаётгани билдирилди.

Корхонада қуруқлик ва денгиз мудофаа тизимлари учун ўрта ва катта калибрли ўқ-дорилар, шунингдек, аэрокосмик учириш қурилмалари учун қаттиқ ёнилғи ишлаб чиқарилади.

Европа Иттифоқи ҳужжатларида KNDS Ammo Italy 2023 йилда Европа мудофаа агентлиги томонидан 155 миллиметрли ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича тузилган келишувлар доирасидаги пудратчилардан бири сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Long March 7A” ракета-ташувчиси Хитой жанубидаги Хайнань оролида жойлашган Вэньчан космодромидан учирилганидан кўп ўтмай портлаб кетгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends