Республика онкология марказида тошкентликлар учун бепул хизмат тугатилдими?
Local
−
16:07 945 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Республика онкология марказида Тошкент шаҳри беморлари учун бепул хизмат тугатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарлар юзасидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бепул хизмат тугатилгани йўқ, балки фақат беморни йўналтириш тартиби ўзгарган.
Яъни, аввал пойтахтда яшовчи беморлар ушбу марказнинг шаҳар филиалига қоғоз шаклидаги йўлланма билан борган. Энди эса улар Ўзбекистоннинг бошқа барча ҳудудларидаги каби DMED тизими орқали электрон йўлланма асосида муассасага йўналтирилмоқда.
Бунда бемор маршрути қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- бемор, аввало, оилавий поликлиникага мурожаат қилади. У ерда қон таҳлили, рентген, УТТ (бепул) текширувларидан ўтади;
- туман (шаҳар) онкологи кўригидан ўтиб, аниқлаштирувчи текширувлар амалга оширилади;
- DMED тизими орқали электрон йўлланма шакллантирилади;
- Онкология марказида йўлланма тасдиқланади. Шундан сўнг бепул кўрик, контрастли МСКТ/МРТ, ПЕТ-КТ, гистология, ИГХ ҳамда бепул даволаш (кимётерапия, нур терапияси, жарроҳлик амалиётлари) ўтказилади.
Нима сабабдан тартиб ўзгартирилди?
Билдирилишича, аввалги тартиб бўйича аксарият беморлар ДМЕД орқали фақат 027-шакл билан оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда зарур текширувлардан ўтмасдан марказга юборилган. Натижада марказ поликлиникаси ортиқча юклама билан ишлаб, ҳудудда бажарилиши лозим бўлган текширувларни ҳам Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан муассасада ўтказишга тўғри келган.
Бу ҳолат юқори технологик ёрдамга мўлжалланган маблағ бирламчи текширувларга сарфланганишига сабаб бўлган. Тошкент шаҳридан мурожаат қилаётган беморларни ҳудудий ёки республика даражасида даволаш кераклигини аниқлаш қийинлашган.
Қайд этилишича, электрон йўлланмага ўтиш бу муаммоларни бартараф этмоқда. Яъни, бемор текширувларни такрорламайди, маблағ ҳақиқатан юқори технологик ёрдамга йўналтирилади. Ҳар бир беморнинг маршрути эса электрон тизимда шаффоф кўринади.
“Муҳими, йўлланма билан қабул қилинган бемордан диагностика, даволаш, дори ва сарф материаллари учун пул талаб қилиш, шунингдек уларни беморлар ҳисобидан сотиб олиш тақиқланган. Хизмат фақат йўлланмасиз режали мурожаатда пуллик асосда кўрсатилади. Шошилинч ёрдам эса доим йўлланмасиз ва бепул асосда амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Фуқаролардан йўлланма билан борилганда бемордан пул ёки дори сотиб ҳолатлари кузатилса, марказнинг 1303 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш сўралади.
Live
All