Путин Украина билан урушни якунлаш шартини айтди

World

image

Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги урушни дипломатик йўл билан якунлаш имконияти борлигини, бироқ бунинг учун аввало Россия ва Украина ўзаро келишиб олиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 3 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форум доирасида маълум қилди.

“Аввало Россия ва Украина ўзаро келишиб олиши керак. Қолган барча давлатлар эса бу жараённи қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёр. Имконият борми? Менимча, ҳа, бор”, деган Путин.

Шунингдек, у Москва ва Киев ўртасида махсус хизматлар орқали алоқалар сақланиб қолаётганини, бироқ бу алоқалар тинчликка қанчалик ёрдам беришини айта олмаслигини билдирган. Путиннинг қайд этишича, Қора денгиздаги транспорт кемаларига Украина ҳужумлари ва Киевнинг Россия ҳаво ҳудудини хавфли деб атагани икки томонлама тинчлик музокараларини мураккаблаштирмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса АҚШ воситачилигидаги музокаралар қайта бошланишини кутаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Президентининг вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер яқин орада Москва ва Киевга ташриф буюриб, эҳтимолий тинчлик келишувини муҳокама қилади.

“Дастлабки саналар бор. АҚШ президентининг вакиллари бу ерга, Киевга келишини умид қилмоқдамиз. Улардан тасдиқ олдик: Москва ва Киевда учрашув бўлади”, деган Зеленский.

Украина раҳбари АҚШ жамоаси билан доимий алоқада эканини ҳам айтган. Бир неча кун аввал у Уиткофф ва Кушнер билан телефон орқали суҳбатлашиб, Россиянинг жанг майдонидаги ютуқларини “аҳамиятсиз” эканини билдирган.

Тинчлик музокараларини қайта бошлаш масаласи АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклиффнинг август ойи охирида Москвага эълон қилинмаган ташрифидан сўнг яна кун тартибига чиққан. Рэтклифф ташриф давомида Россия махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашган. Кремль унинг Владимир Путин билан учрашмаганини, бироқ Россия ва АҚШ махсус хизматлари ўртасидаги алоқалар давом этаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш бўйича тинчлик келишувига эришиш учун хорижга йўл олишини маълум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends