ПСЖ қаторасига иккинчи йил UEFA Суперкубогини қўлга киритди
Sport
−
09:13 1526 2 minutes
ПСЖ UEFA Суперкубоги финалида “Астон Вилла”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ушбу совринни қаторасига иккинчи йил қўлга киритди. Зальцбургдаги “Ред Булл Арена”да ўтган баҳсда Париж клуби Чемпионлар лигаси ғолиби сифатида Европа лигаси ғолиби “Астон Вилла”га қарши майдонга тушди.
Учрашувда ҳисоб 20-дақиқада ПСЖ'нинг гуржистонлик ҳужумчиси Хвича Кварацхелиянинг кучли зарбасидан кейин очилди. У жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвоза тўсини остига йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлим якунида эса “Астон Вилла”нинг 17 ёшли Брайан Маджо исмли ўйинчисининг голи билан ҳисоб тенглашди. Ҳужумчи Жон Макгинннинг узатмасидан кейин тўпни учиб келаётган ҳолда зарба билан дарвозага йўллади.
ПСЖ'нинг ғалаба голига 61-дақиқада Дезире Дуэ муаллифлик қилди. Франциялик ҳужумчи Усмон Дембеленинг узатмасидан кейин дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, тўпни дарвозага киритди. Дастлаб гол офсайд сабабли ҳисобланмаган бўлса-да, VAR аралашувидан кейин у инобатга олинди.
Шу тариқа, ПСЖ 2016 ва 2017 йилларда “Реал”дан кейин UEFA Суперкубогини икки йил кетма-кет ютиб олган биринчи жамоага айланди.
“Астон Вилла” ҳужумчиси Брайан Маджо эса 17 ёш 212 кунлигида Суперкубок тарихида майдонга тушиб, гол урган энг ёш футболчи бўлди. У 1995 йилдаги Патрик Клюйверт рекордини янгилади.
ПСЖ учун ғалаба клуб ташкил топганига 56 йил тўлган кунда қайд этилди. Париж клуби 1970 йил 12 августда ташкил этилган.
Учрашувни сомалилик ҳакам Омар Артан бошқарди. У UEFA Суперкубоги тарихида ҳакамлик қилган биринчи европалик бўлмаган ҳакам бўлди. Артан баҳс давомида учта сариқ карточка кўрсатди ва уларнинг барчаси “Астон Вилла” футболчиларига берилди.
Маълумот учун, UEFA Суперкубоги ҳар йили Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг амалдаги ғолиблари ўртасида ўтказилади. У ПСЖ учун бу мавсумда қўлга киритилиши мумкин бўлган олтита совриндан биринчиси бўлди.
Live
All