Президентга тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга тайёргарлик бўйича ахборот берилди

Local

image

Бугун, 13 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотга тайёргарликнинг бориши юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, бўлажак олтинчи очиқ мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идора вакилларидан иборат республика штаби ташкил этилган. Штаб 24/7 режимда узлуксиз фаолият юритмоқда.

Колл-марказ ва расмий ботлар орқали тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган, 1,8 мингга яқинини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Тайёргарлик доирасида масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилиб, уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этди ва 3,5 мингдан зиёд таклиф ҳамда масалалар билдирилган.

Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган 130 дан ортиқ учрашувда эса 5,7 мингдан зиёд тадбиркор қатнашиб, 1,5 мингга яқин масалани ўртага ташлаган. Аниқланган муаммоларни тубдан ҳал қилиш ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, республика бўйича 5 минг 72 нафар тадбиркор ўртасида сўровнома ўтказилган. У орқали корхоналар самарадорлиги, инвестиция ва инфратузилма таъминоти, солиқ маъмурчилиги, ташқи савдо ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги масалалар ўрганилган.

Сўров иштирокчиларининг 93 фоизини маҳаллий хусусий корхоналар ташкил этган. Унда савдо, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қамраб олинган.

Таҳлиллар корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш ва таннархни пасайтириш бўйича ҳали катта имкониятлар борлигини кўрсатган. Рақамли платформалар, сунъий интеллект, энергия тежамкор технологиялар, янги маҳсулот ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этган корхоналарда сотув, рақобатбардошлик, иш ҳақи ва инвестиция кўрсаткичлари юқори бўлмоқда.

Хусусан, камида учта самарадорлик чорасини жорий этган корхоналарда таннархни пасайтириш эҳтимоли 4,1 баробар, иш ҳақини юқори суръатда ошириш имконияти 2,1 баробар кўп. Бироқ бундай чораларни уч ва ундан ортиқ йўналишда қўллаётган корхоналар улуши атиги 11,6 фоизни ташкил этган. 28,5 фоиз корхона эса бу борада бирорта ҳам чора кўрмаган.

Корхоналарнинг 51 фоизида сўнгги даврда янги маҳсулот, хизмат ёки инновация жорий этилмаган, модернизация ишлари амалга оширилмаган. 40 фоиз корхона охирги бир йилда умуман инвестиция киритмаган, 29 фоизида келгуси бир йил учун ҳам бундай режа мавжуд эмас. Кредит фоизларининг юқорилиги, гаровни паст баҳолаш, ҳужжатларнинг кўплиги ва кредит расмийлаштириш муддатларининг узоқлиги асосий тўсиқлар сифатида кўрсатилган.

Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 38 фоизи таннархни пасайтириш чораларини кўрмаган. 53 фоизида маҳсулот ва хизматлар таннархи ошган. Бунга асосан хомашё нархи, энергия ва логистика харажатларининг кўпайиши сабаб бўлмоқда. Шунингдек, 43 фоиз корхона энергия тежаш чораларини кўрмаган, 49 фоизи қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланмайди.

Инфратузилма таъминоти ҳам тадбиркорларни қийнаётган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Сўровномада тадбиркорлар тез-тез узилишлар, кучланиш ва босимнинг пастлиги, лимит ҳамда тарифлар билан боғлиқ масалаларни қайд этган.

Сўров иштирокчилари солиқ маъмурчилиги бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этган ҳолда, текширувлар ўтказиш ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш билан боғлиқ жараёнларда мавжуд муаммоларни кўрсатиб ўтган. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 94 фоизи барқарорлик рейтинги амалиётининг улар фаолиятига таъсирини юқори баҳолаган.

Қайд этилишича, сўровда қатнашган корхоналарнинг 22,3 фоизи ташқи савдо билан шуғулланади. Хорижлик мижоз топиш, маҳсулотни сертификатлаш, логистика, молиявий воситалар, божхона жараёнлари, бозор ҳақида маълумот ва маркетинг кўникмаларининг етишмаслиги экспортдаги асосий тўсиқлар сифатида кўрсатилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасида малакали юридик ёрдам олиш имконияти ва давлат харидлари шаффофлиги ижобий баҳоланган. Айни пайтда тадбиркорларнинг 73 фоизи мажбурий ижродаги бюрократик жараёнлар бизнесга салбий таъсир кўрсатаётганини билдирган.

Давлат раҳбари келиб тушган мурожаатлар ва сўров натижаларини ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида чуқур таҳлил қилиб, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.

Корхоналар самарадорлигини ошириш, инновация ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, кредит ва инфратузилма масалаларини ҳал қилиш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юзасидан таклифлар тайёрлаш топширилган.

Очиқ мулоқотда кўтариладиган ҳар бир масала бўйича аниқ ечим, уни амалга ошириш механизми, масъуллар ва муддатларни белгилаш вазифаси қўйилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends