Президент чемпион шахматчиларга мукофотларни топширди
Sport
−
29 September 906 6 minutes
Бугун, 29 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари, уларнинг яқинлари, устоз ва мураббийлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари шахматчиларни Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклаган.

“Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин!” дейди Президент.
Самарқанддаги Олимпиадада 200 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар иштирок этган. Ана шундай рақобатда ўзбекистионлик спортчилар Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтарди.
Мусобақани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижлик меҳмон келган. Қарийб 500 минг киши жойлардаги мухлислар учун ҳудудларда, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз баҳсларни ҳаяжон билан кузатган.

Мамлакат етакчиси ҳал қилувчи ўйинларга тўхталиб, амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистонга қарши учрашувни алоҳида эслаган. Нодирбек Ёқуббоев Ниҳал Саринга қарши партияда оғир вазиятга тушганига қарамай, курашни охиригача давом эттирди. Рақибнинг хатосидан фойдаланиб амалга оширган тактик юришлари жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келди.

Шундан сўнг Ўзбекистон якка пешқадамга айланди. Шахматчилар Хитой терма жамоасини 3:1 ҳисобида енгди, жаҳон рейтингида биринчи ўринда турган, олти карра Олимпиада чемпиони АҚШ жамоасидан ҳам устун келди.
Нодирбек Абдусатторов мусобақани бирорта мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медалга сазовор бўлди. Унинг жаҳон рейтингида учинчи ўринда турган Фабиано Каруанага қарши мураккаб эндшпилда қозонган ғалабаси ҳам алоҳида эътироф этилган.

Давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг Номзодлар турниридаги тарихий муваффақиятини ёдга олган. У Олимпиадада ҳам совуққонлик ва барқарорлик кўрсатди. Президент Жавоҳирга жаҳон тожи учун бўлажак беллашувда бутун Ўзбекистон халқи ишонишини таъкидлаган.

Олимпиадада илк бор қатнашган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Дехтиаровни қора доналарда енгиб, жамоага олтин медаль учун зарур очкони келтирди. Шамсиддин Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашди.
Ўзбекистон Олимпиадада эркаклар ва аёллар ўртасида жами олтита терма жамоа билан иштирок этди. Эркаклар ўртасидаги иккинчи жамоа жаҳон рейтингида олтинчи ўринда турган Нидерландияни йирик ҳисобда мағлуб этди. Учинчи жамоа аъзоси, 17 ёшли Асроржон Омонов саккизта ўйиннинг еттитасида ғалаба қозонди.

“Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат”, дейди Президент.
Аёллар терма жамоалари ҳам матонат кўрсатди. Биринчи жамоа 11 турнинг еттитасида ғалаба қозониб, кучли рақиблар билан тенгма-тенг ўйнади. Афруза Ҳамдамова, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Гулдона Каримова ва бошқа шахматчи қизларнинг меҳнати эътироф этилган. Давлат раҳбари келгусида ўзбек шахматчи қизлари ҳам Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилишига ишонч билдирган.

Самарқандда ўтган учинчи ФИДЕ парашахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси илк бор бронза медалини қўлга киритди. Селби Какишова етти ўйинда олти очко жамғариб, ўз тахтасида кумуш медалга сазовор бўлди. Абдулазиз Баҳодиров шахсий ҳисобда бронза медалини олди, Аҳадхон Кимсанбоев эса мусобақани мағлубиятсиз якунлади. Президент парашахматчиларнинг иродаси ва меҳнатини юксак баҳолаган.

Учрашувда ушбу натижалар ортида спортчиларнинг ота-оналари, биринчи устозлари, мураббийлари ва уларни қўллаб-қувватлаган жамоалар тургани таъкидланган. Президент жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов тажриба ва билимини янги авлодга етказиб келаётганини алоҳида эътироф этган.

“Устознинг энг катта ғалабаси – шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир!” дейди давлат раҳбари.

Ўзбекистон шахмат федерациясининг ФИДЕ томонидан “Энг яхши федерация” деб эътироф этилгани, Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти этиб сайлангани мамлакатнинг жаҳон шахматидаги нуфузи юксалаётганидан далолат экани қайд этилган.

“Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси”, дейди Президент.

2018 йилда қабул қилинган қарор асосида мактабларда шахмат ўқитиш, мураббийлар тайёрлаш ва клубларни ривожлантириш йўлга қўйилган. Сўнгги ўн йилда 17 нафар шахматчи халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлган, уларнинг беш нафари аёллар.

Давлат раҳбари навбатдаги мақсадни белгилаб берган: Янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш. Бунинг учун мамлакатда тажриба, натижа ва ёшларга намуна бўладиган чемпионлар борлиги таъкидланган. Улардан илҳомланган минглаб болаларнинг шахматга кириб келиши янги истеъдодларни кашф этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашишига шароит яратиш вазифаси қўйилган. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилади.

Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада минтақавий филиаллари очилади. Академияда олий тоифали мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилади. ФИДЕ рейтингида 1 минг 500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатлари ярми давлат томонидан қопланади.

Шунингдек, “Oʻzbekiston Grand chess” миллий бренди остида халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб борилади. Президент Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини барпо этишни таклиф қилган.

Учрашувда шахмат ва парашахмат олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини, уларнинг мураббийларини рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинган. Унга мувофиқ, чемпионларга уй-жой ҳамда автомобиль берилган. Бронза медалини қўлга киритган парашахматчилар ҳам уй-жой ва автомобиль билан тақдирланган. Терма жамоалар бош мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермухаммадов автомобиль билан мукофотланган.

Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчига 200 минг доллардан, уларнинг мураббийларига 50 минг доллардан пул мукофоти ажратилган. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллардан, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилган.

Президент фармонига мувофиқ, мамлакат шуҳратини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, маҳорати ва жасорати учун бир гуруҳ шахматчилар, уларнинг устозлари ва соҳа вакиллари давлат мукофотларига сазовор бўлган. Учрашувда мазкур мукофотларни топшириш маросими ўтказилган.

Давлат раҳбари мукофотлар спортчиларнинг бугунги ғалабасига берилган баҳо билан бирга уларнинг келгуси ютуқларига билдирилган ишонч рамзи эканини таъкидлаган.

Спортчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари сўзга чиқиб, давлат раҳбарига шахмат соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилган кенг шароитлар, юксак эътироф учун чуқур миннатдорлик билдирган.

Учрашув якунида Президент терма жамоалар аъзолари ва уларнинг ота-оналари билан биргаликда суратга тушган.
Live
All