Президент Балиқчида ёш стартапчилар билан учрашди

Local

image

Бугун, 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги Сунъий интеллект марказига ташриф буюриб, ёшларнинг стартап лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, “Akademiya IT Star” корхонаси томонидан ташкил этилган ушбу марказ давлат раҳбарининг 2024 йил 26 февралдаги рақамлаштириш соҳасида хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қарори асосида барпо этилган.

Ахборот технологиялари ёшлар учун энг талаб юқори бўлган соҳалардан бирига айланмоқда. Шу боис, ҳудудларда замонавий АT касбларни эгаллаш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва рақобатбардош дастурий маҳсулотлар яратиш учун шароитларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, 100 та иш ўрни яратилган.

Марказ қишлоқ ва туман ёшларига бошқа ҳудудларга бормасдан, ўз яшаш жойида замонавий билим ва касбларни эгаллаш имконини бермоқда. Бу ерда маркетинг, дастурлаш ва робототехника йўналишларида таълим берилиб, ёшлар олган билимларини амалий лойиҳаларда қўлламоқда.

Муассаса имкониятларидан маҳаллий тадбиркорлар ҳам самарали фойдаланмоқда. Уларга сунъий интеллект асосида бизнесни ривожлантириш бўйича маслаҳат ва АT хизматлари кўрсатилади. Шу кунга қадар 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига жами 8,5 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.

Бугунги кунда вилоятдаги 65 мингта тадбиркорлик субъекти учун SMM-менежер, мобилограф, график дизайнер, маркетолог, маълумотлар таҳлилчиси ва сунъий интеллект мутахассисларига эҳтиёж 129 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Марказдаги таълим дастурлари ана шу талабдан келиб чиқиб шакллантирилган.

Давлат раҳбари ёшлар яратган стартаплар билан яқиндан танишиб, уларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятига юқори баҳо берган. Самимий мулоқот давомида йигит-қизлар мамлакатда стартап экотизимини янада ривожлантиришга қаратилган янги ташаббус ва таклифларини билдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends