Пойтахт ҳокимлиги Олмазордаги фожиада жароҳатланганлар йўқлиги ҳақида ёлғон баёнот тарқатди
Local
−
02 August 14524 2 minutes
Аввалроқ, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Беруний кўчаси, “Орзу” маҳалласидаги қурилиш ҳудудида ер ўпирилиб, дарахт қулагани ва электр симлари узилгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш объектида юз берган ҳодиса юзасидан расмий баёнот бериб, унда жароҳатланганлар йўқлигини айтмоқда.
“Айни пайтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқ”, дейди шаҳар ҳокимлиги фожианинг ҳақиқий тафсилотларини яшириб.
QALAMPIR.UZ’га воқеа гувоҳлари ва маҳалла турғунлари етказган маълумотлар ва ҳодиса акс этган видеолар эса унда жароҳатланганлар борлиги ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинганини тасдиқламоқда.
Видеода тез ёрдам ходимлари келгач, ерда ётган ишчига ёрдам кўрсатгани ва кейинчалик бир неча киши уни замбилга ортиб, тез тиббий ёрдам автомобилига олиб чиққани акс этган.
Шунингдек, видеода воқеа жойида олти нафар ишчи тургани кўринади.
Айни пайтда видеода акс этган шахснинг ҳолати ва унинг воқеа оқибатида жароҳат олган-олмагани бўйича расмий маълумот берилмаган.
Ҳокимликка кўра, вазият Тошкeнт шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкeнт шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспeкцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тeзкор махсус комиссия тузилган.
“Воқeа жойида фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф eтиш, хавфли ҳудудни ўраб олиш ва унга киришни чeклаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдeк, ёндош ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Тeкширув натижалари бўйича масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бeрилади. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва қурилиш мe’ёрларининг бузилишига йўл қўйган барча шахслар, шубҳасиз, қонунда бeлгиланган тартибда жавобгарликка тортилади”, дейилади баёнотда.
Live
All