Порахўрликда айбланаётган Монголия Президенти истеъфога чиқишини эълон қилди
World
−
12:22 332 2 minutes
Монголия Президенти Ухнаагийн Хурэлсух мамлакатдаги темир йўл лойиҳаси билан боғлиқ коррупцияда айбланганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилди. У 2019 йилда бош вазир лавозимида ишлаган вақтида Тавантолгой–Гашуунсухайт темир йўли қурилиши учун ажратилган шартнома орқали 25 миллион доллар олганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур айбловни жорий йилнинг 15 ноябрь куни Улан-Баторнинг собиқ мэри Хишгийин Нямбаатар илгари сурган. У ҳам президент аъзо бўлган ҳукмрон Монголия Халқ партиясининг бошқа фракцияси вакили ҳисобланади. Шундан сўнг мухолиф Демократик партия ҳам президентни истеъфога чақирган.
Айбловларга кўра, Хурэлсух 2019 йилда темирйўл қурилиши бўйича шартнома мамлакатнинг йирик конгломератларидан бири – Bodi International компаниясига танлов ўтказилмасдан берилишини таъминлаган ва бунинг эвазига пора олган.
Президент эса ўзининг халқ ёки давлатдан ҳеч қачон пул ўғирламаганини айтиб, айбловларни рад этган. У бугун, 17 ноябрь куни халққа қилган мурожаатида бир ойдан ортиқ вақт давомида шаънига нисбатан узлуксиз ҳужумлар бўлаётганини билдирган ва президентлик вазифасини топшириб, оддий фуқарога айланишини маълум қилган. Шунингдек, терговчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган.
Bodi International компанияси ҳам кеча, 16 ноябрь куни тарқатган баёнотида юқори лавозимли давлат амалдорлари ва хизматчиларига пора бермаганини билдирган. Компания айбловларни туҳмат деб атаб, қонунбузарликка йўл қўймаганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Ухнаагийн Хурэлсух 2021 йилда унинг партияси парламент сайловларида кўпчилик ўринни қўлга киритганидан кейин президент лавозимига келган. Сўнгги йилларда партия ичидаги келишмовчиликлар кучайган. Мамлакатда сўнгги тўққиз ой ичида уч нафар бош вазир алмашган.
Президентнинг истеъфоси парламент – Давлат Буюк Хурали томонидан қабул қилинганидан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезия вице-президенти Гибран Ракабуминг Рака хорижда олган таълимига оид ҳужжатлари ва лавозимга сайланиш ҳуқуқи юзасидан пайдо бўлган шубҳалар фонида истеъфога чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November