Польшага ишга юбориш учун $10 400 сўраган МЧЖ раҳбари ушланди
Crime
−
17:06 691 1 minute
Наманганда тўрт нафар фуқарони Польшага мавсумий ишга юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 10,4 минг доллар талаб қилган МЧЖ раҳбари 4,4 минг доллар олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Аниқланишича, Наманган шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ва унинг уч нафар танишини Польшага мавсумий ишлаш учун ноқонуний равишда юборишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у жами 10,4 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 4,4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Наманган вилоятларида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилган икки шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All