Олимлар 11,5 ёруғлик йили узоқликдан келган сирли сигнални аниқлади

World

−

image

Олимлар Ердан тахминан 11,5 ёруғлик йили узоқликда жойлашган GJ 725A қизил митти юлдуз тизимидан 45 мегагерц частотали сирли радиосигнални аниқлади. Тадқиқотчилар бу сигнал юлдуз ва унинг сайёраси ўртасидаги магнит майдон таъсири ёки вулқон фаоллигига эга йўлдош билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.

Қайд этилишича, сигнал халқаро астрономлар жамоаси томонидан LOFAR радиотелескопи ёрдамида осмонни кенг кўламда кузатиш жараёнида аниқланган. У 42–50 мегагерц диапазонида қайд этилган ва бир соатлик кузатув давомида сақланган. Кейинги кузатувларда эса такрорланмаган.

Тадқиқотчилар радиотўлқинлар кучли айланма қутбланишга эга эканини ҳам аниқлаган. Астрономик таҳлил сигнал манбаи юлдузнинг ўзи эканини, унинг ҳамроҳ юлдузи эмаслигини кўрсатган. Олимлар нурланишнинг юқори қуввати оддий физик жараёнлар билан изоҳланмаслигини таъкидламоқда.

Ҳозирча сигналнинг келиб чиқиши бўйича учта асосий тахмин мавжуд. Биринчи тахминга кўра, радиосигнал юлдуз атрофида кенг орбита бўйлаб айланаётган, ҳали аниқланмаган йирик сайёрадаги қутб ёғдуси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунда сайёра Юпитернинг вулқон фаоллиги юқори бўлган йўлдоши Ио каби фаол йўлдошга эга бўлиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Иккинчи тахмин сигнал юлдузнинг ички фаоллиги натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини назарда тутади. Бироқ GJ 725A юлдузининг фаоллиги жуда паст экани бу эҳтимолни шубҳа остига қўяди.

Учинчи тахмин эса радиотўлқинлар юлдуз ва GJ 725Ab деб номланган, аввалдан маълум бўлган кичик тошсимон сайёра ўртасидаги магнит таъсирлашув натижасида юзага келганини кўрсатади. Ушбу сайёра юлдуз атрофидаги бир тўлиқ айланишини 11 кунда амалга оширади. Аммо унинг массаси Ер массасидан атиги 2,8 баравар катта бўлгани сабабли бундай кучли радиосигнални ҳосил қилиш учун етарли магнит майдонига эга бўлиши даргумон.

Олимлар сигналнинг асл манбасини аниқлаш учун LOFAR 2.0 радиотелескопи орқали кузатувларни давом эттириш, шунингдек, рентген ва ультрабинафша диапазонларидаги космик асбоблардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Тадқиқот натижалари arXiv сайтида илмий мақола сифатида тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг FAST радиотелескопи коинотнинг узоқ ҳудудидан келган ғайриоддий радио сигнални қайд этганди. Ҳолат Ердан ташқари цивилизациялар мавжудлигини ўрганувчи олимларда қизиқиш уйғотмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic