Олимлар 100 йил олдин топилган қазилмадан динозаврнинг янги турини аниқлади

World

−

image

Буюк Британиянинг Уайт оролидан бундан 100 йилдан кўпроқ вақт олдин топилган қазилма қолдиқлар динозаврнинг янги турига тегишли экани аниқланди. Узун тирноқли, йирик йўлбарсдек келадиган ушбу йиртқич динозавр тахминан 120 миллион йил аввал яшаган. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC’да эълон қилинди.

Қайд этилишича, Invictibellatrix amberina деб номланган динозавр мегарапторлар гуруҳига мансуб. Улар икки оёқда ҳаракатланган, гўшт билан озиқланган ва чаққон йиртқичлар бўлган. Мегарапторлар Tyrannosaurus rex каби тираннозаврлар билан яқин қариндош ҳисобланса-да, ўлжасига жағи билан эмас, узун қўллари ва катта, қайрилган тирноқлари билан ҳужум қилган.

Қазилма қолдиқни ҳаваскор палеонтолог Реджинальд Уолтер Тули Уайт оролининг жануби-ғарбий соҳилидаги қоя этагидан топган. 1924 йилда у Лондоннинг Табиий тарих музейи коллекциясига топширилган. Бироқ бош суягининг орқа қисмидан қолган ушбу бўлак қарийб 100 йил давомида ўрганилмай, музейда сақланиб қолган.

Лондон университети коллежи олими доктор Кассиус Моррисон бу қолдиқнинг шунча вақт давомида эътибордан четда қолганини “ҳақиқий жумбоқ” деб атаган. Унинг айтишича, Уайт оролида кўплаб қазилма қолдиқлар топилади ва улар орасида ҳали ўрганилмаган намуналар ҳам бўлиши мумкин.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Invictibellatrix amberinanинг узунлиги 3–4 метр, бўйи эса 1,5 метрдан сал баландроқ бўлган. Унинг танаси патлар билан қопланган, тирноқлари эса 10–20 сантиметр узунликда бўлган бўлиши мумкин. Динозавр кичик динозаврлар, калтакесаклар ва сутэмизувчилар билан озиқланган. Тадқиқотчилар унинг озиқ занжиридаги ўрнини бугунги сиртлонларникига қиёслаган.

Янги тур мегарапторларнинг ҳозиргача аниқланган энг кичик ва қадимги вакилларидан бири ҳисобланади. Ушбу кашфиётга қадар Европада мегарапторлар гуруҳига мансуб динозаврлар топилмаган эди. Бу гуруҳ йирик гўштхўр динозаврлар орасида энг сирли гуруҳлардан бири саналади, чунки уларнинг қазилма қолдиқлари жуда кам учрайди.

Тадқиқотчилар қазилмани компьютер томографиясидан ўтказиб, бош суягининг уч ўлчамли моделини яратган. Кейин уни тираннозаврлар, спинозаврлар ва бошқа гўштхўр динозаврларнинг бош суяклари билан таққослаган. Шунингдек, математик моделлаштириш орқали мегарапторларнинг дунё бўйлаб тарқалиши вақт ўтиши билан қандай ўзгаргани ўрганилган.

Тадқиқотнинг катта муаллифи, Табиий тарих музейи профессори Пол Барретнинг айтишича, Уайт оролида 200 йилдан ортиқ вақт давомида қазишма ишлари олиб борилганига қарамай, бу ҳудуд олимларни янги динозавр турлари билан ҳайратда қолдиришда давом этмоқда. Унинг таъкидлашича, тарихий музей коллекцияларини қайта ўрганиш ҳали кўплаб кашфиётларга йўл очиши мумкин.

Олимлар мегарапторларнинг шимолий ҳудудларда нега йўқолиб кетганини ҳозирча аниқламаган. Бунга иқлим ва атроф-муҳитдаги ўзгаришлар ёки бошқа йиртқич динозаврлар билан рақобат сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Нил дельтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends