“Ногиронлик – 300 доллар”. Фуқаро Шаҳноза Мирзиёевага порахўрлик бўйича мурожаат йўллади (видео)

Local

image

Ногирон қизи ва унга қаровчи сифатида турмуш ўртоғига ногиронлик ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома олиш учун коррупциявий ҳолатга дуч келган фуқаро Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага мурожаат йўллади. Бу ҳақдаги видеони у ўзининг Instagram саҳифасида эълон қлди.

“Мен театр ва кино актёри Мусулмон Юнусов, Сергели туманида истиқомат қиламан. Ижтимоий тармоқда кўпчилик бизни кузатишади, билишади. Менинг онам биринчи гуруҳ ногирони ва қизим ҳам ногирон. Қизимга икки йил олдин ногиронликка топширгандик ва у ногиронлик чиқариб берганди, қаровчиси – онаси билан биргаликда. Онам ҳам худди шундай. Икки йилдан кейин яна қайтадан ногиронликка топширишимиз керак. Бу галгиси 18 ёшгача кетади. Биз май ойининг охиридан, июндан онаси билан иккаламиз – аёлим билан биргаликда ҳар битта докторга тинмасдан қатнадик. Мана ҳар битта документ, ҳар битта қоғоз, мана шу пайтгача даволаняпти. Ҳар биттасига эринмасдан бордик, иссиқда навбатда турдик. Мен актёрман, жой бер, бунақа нарсалар бўлмади. Ҳар битта одам турди навбатда, биз ҳам туриб, ўтдик ва охирги босқичимиз Сергели ВТЕКга етиб келди. Ҳужжатларни топширдик, ҳужжатларни кўришди ва икки-уч кундан кейин сизга қўнғироқ қиламиз ёки СМС боради дейишди”, дейди фуқаро.

Шундан сўнг, у ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун ҳамшира улардан пул сўраганини айтган ва бундан норозилигини билдирган.

“Мен нимадан норозиман? Мен шундан норозиманки, кетганимиздан кейин, икки кундан кейин 71-поликлиникадан – бизнинг ҳамширамиздан қўнғироқ бўлди. Аёлимга қўнғироқ қилиб, “олдингизда ҳеч ким йўқми, телефонингиз баланд овозда эмасми, ёзиб олинмаяптими?” деб сўради. Аёлим йўқ-йўқ, ҳеч ким эшитмаяпти, лаббай, эшитаман, деб айтаяпти. Хуллас калом, 18 ёшгача ногиронликка чиқарамиз, сизни ҳам – онасини қўшамиз ёнига, фақат хизмати бор. Қанақа хизмат? 300 доллар пул бўлади”, дея ҳамширанинг сўзларини келтирган фуқаро.

Шунингдек, у “ногирон боланинг орқасидан пул ейдиган инсонлар” ҳали ҳам ўз лавозимида ўтирганидан норози эканини билдирган.

“Мен-ку майли, санъаткорман, ҳаракат қиламиз, кўпроқ ишлармиз, ўша пулни майли, мен топарман. Буни эшитганимда биринчидан қизишиб кетдим. Ногирон боланинг орқасидан пул ейдиган инсонлар ҳали ҳам ўз лавозимида, ўз ишида ўтириши тўғрими, нотўғрими? Президентимиз қилаётган ишларга мана шу нарса тўғрими, нотўғрими? Асабийлашиб кетдим, жуда асабийлашдим ва қўнғироқ қилдим.

Ассалому алайкум, бунақа нарсани аёлимга айтманг, менга айтинг, мен билан ҳал қилинг бунақа масалани, дедим ва бироздан кейин йўқолиб қолди. Нимага? Чунки билди менинг санъаткорлигимни. Шу билан телефонга жавоб бермади. Шу билан бир кунми, икки кундан кейин жавоб чиқди. Қизимнинг ўзига ногиронлик чиқди, онасини қўшиб бермади. Яъники, демак, қизим ўзи овқатлана олади, ўзи юра олади, ўзи ҳожатга чиқиб кела олади. Ваҳоланки, ўшанақа бўлганда, ўзи ҳаммасини мустақил қилаётганда, бизга ногиронлик керак эмас-да.

Менга алам қилаётгани, агар биз 300 доллар пулни берганимизда, демак, онасини 18 ёшгача қўшарди қаровчи қилиб. Арзимаган бир сумма, гап суммада эмас. Мен-ку у пулни топарман, лекин топа олмайдиган, ҳатто даволанишига, болаларига, даволанишига бир сўм топа олмайдиган ота-оналар бор. Чунки ҳар куни ўшанақа ота-оналар билан кўришамиз, ҳар куни даволанишда кўришамиз. Бугунги даволаниш пулини топдик, эртага нима қиламиз дейдиган ота-оналар бор. Улар нима қилади? Шаҳноза Мирзиёева, сиздан илтимос қилиб қоламиз, ўзингиз шахсан бош бўлиб шуғулланишингизни сиздан илтимос қиламиз. Бунақалар жуда ҳам кўпайиб кетяпти. Ногирон болаларнинг устидан пул ейдиган инсонларни, менимча, ўз лавозимидан озод қилиш керак”, дейди у.

Шунингдек, фуқаро юқоридаги масала юзасидан Сергели туманидаги ижтимоий ҳимоя бўлимига мурожаат қилганини билдирган.

“Биз Сергели туманидаги ижтимоий ҳимояга бордик, у ердаги ходимлар билан гаплашдик, юристлар билан гаплашдик. Мана шунақа нарса бўлди, яъни ўша ВТЕКдаги ходим мана шунақа иш қилишди, дедик. Қанақадир бир нарсани сездим, улар ҳеч нарса ҳал қилиб бериша олмади. Чапга югуришди, ўнгга югуришди, яна қайтиб келишди, ҳеч нарса ҳал бўлмади. Шунақа нарса менга пайдо бўлдики, қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. Буларга нима қилай энди мен? Бу масалани ҳал қилиш керак, десам, майли, хоҳласангиз “видеовизов” қилаверинг, дейишди. Бўлди, олдиларидан ўтдим ва “видеовизов” қиляпман. Илтимос қилиб қолардим, Шаҳноза Мирзиёева, шу масалани ўзингиз шахсан текширишингизни ва тагига етишингизни, бунақа ногирон инсондан, ногиронлиги бор хонадонлардан пул олиш қанчалик тўғри?” дея савол қўйган фуқаро.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 62-сонли қарорига асосан 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. Ногиронликни белгилаш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва тегишли маълумотномани/тиббий хулосани расмийлаштириш учун давлат томонидан ҳеч қандай бож, тўлов ёки йиғим ундирилмайди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends