Непалда йўқолганига 10 кун бўлган аёл жанозаси ўқилаётган пайтда топилди
World
−
09:28 2694 2 minutes
Непалда вайронкор сел оқибатида ҳалок бўлган деб ҳисобланган Чандика Кумари Шрестха 10 кундан сўнг вайрон бўлган уйи остида тирик ҳолда топилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, кекса аёлнинг оиласи унинг ҳалок бўлганига ишониб, мотам маросимларини бошлаган. Бироқ қутқарувчилар мамлакатдаги энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири – Бетравати қишлоғида вайрон бўлган уйи орасидан унинг овозини эшитиб, тириклигини аниқлаган.
Полиция ходими Маҳендра Дарналнинг айтишича, тўрт қаватли уй сел оқимида оқиб кетган ва унинг қолдиқлари қумлоқ ҳамда лой остида қолган. Қутқарувчилар ҳудудни кўздан кечираётганда “мени қутқаринг” деган овозни эшитган.
Манбага кўра, Шрестхани қутқариш операцияси 45 дақиқа давом этган. У вайроналар орасида ҳаво сақланиб қолган тор бўшлиқда тирик қолган ва кейин ҳарбий госпиталга олиб кетилган.
“Мен унинг оиласи билан алоқада эдим ва улар 11 кунлик мотамни бошлаб бўлган эди”, деган Дарнал.
Бетравати селдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлиб, юзлаб одамлар бедарак йўқолган. Қишлоқ бозори ва кўплаб турар жой бинолари, айримлари тўрт қаватли бўлган, водий бўйлаб оқиб келган сел ва лой остида деярли бутунлай қолиб кетган.
Қутқарувчилар махсус бош кийимларда белкураклар билан вайроналарни кавламоқда. Айримлари бинолар қолдиқлари орасидаги тор жойларга кириб, ҳали тирик одамлар бор-йўқлигини аниқлаш учун вақти-вақти билан ҳуштак чалмоқда.
Шрестха топилишидан беш кун аввал Бетравати бозоридаги бир бинодан 24 кишининг жасади топилган. Полиция маълумотига кўра, уларнинг жасадлари анча чириб кетган ҳолда бўлган.
Фожиага музликнинг емирилиши сабаб бўлган селлардан 11 кун ўтганига қарамай, Непалда қутқарув ишлари давом этмоқда. Мамлакат бўйлаб офат оқибатида 1 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, қарийб 5 минг киши ҳануз бедарак ҳисобланмоқда.
Айрим ҳудудларда дарёлар оқими жасадларни вайронгарчилик содир бўлган Расува туманидан юзлаб километр узоқликка олиб кетган. Читванда эса шахси аниқланмаган ва қаттиқ чириган жасадлар оммавий дафн этилмоқда.
Непалдаги сел офати давомида ғайриоддий шароитларда тирик қолган бошқа одамлар ҳам аниқланган. Улар орасида дарахтларга чиқиб жон сақлаган 8 ёшли бола ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалда жорий йилнинг 26 август куни юз берган музлик қулаши ва сел оқибатида гидроэлектр станцияси туннелида қолиб кетган икки ишчи тўққиз кундан сўнг тирик ҳолда қутқарилганди.
Live
All