Непалда меҳрибон йўлбарс интернет қаҳрамонига айланди

World

−

image

Непалда Гома исмли урғочи йўлбарс бир вақтнинг ўзида бешта болага – ўзининг иккита ва бошқа урғочи йўлбарснинг учта боласига қараб тургани тасвирга тушди. Бу ҳақда BBC’нинг “Tiger Island” ҳужжатли лойиҳаси муаллифлари маълум қилди.

Қайд этилишича, ғайриоддий ҳолат мамлакат ғарбидаги Бардия миллий боғи яқинида жойлашган жамоат ўрмонида кузатилган. Гома бешта бола билан қолган бир пайтда, Жугини исмли бошқа урғочи йўлбарс озиқланаётган бўлган.

BBC жамоаси ушбу ҳолатни ёввойи табиатда бошқа урғочининг болаларига ғамхўрлик қилишнинг ўзига хос намунаси сифатида баҳолаган. Бироқ бу йўлбарсларда бундай хулқ аввал ҳеч қачон кузатилмаганини англатмайди. Мутахассислар бундай яширин ҳаёт кечирувчи ҳайвонларнинг хулқ-атворини доимий кузатиш қийинлигини таъкидлайди.

Лойиҳа иштирокчилари ҳодисани фототузоқлар ёрдамида кузатган. Йўлбарсларни бир-биридан таниб олишда уларнинг танасидаги чизиқлар нақшидан фойдаланилган. Бу эса болаларнинг турли урғочиларга тегишли эканини аниқлаш имконини берган.

Тадқиқотчилар Гома ва Жугини ўртасида қариндошлик бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқда. Жумладан, Гома Жугинининг онаси бўлиши эҳтимоли бор. Аммо ҳозирча бу тахмин генетик текширувлар орқали тасдиқланмаган.

Маълум қилинишича, йўлбарслар ов қилиш ва ҳудуддан фойдаланишда, одатда, якка ҳаёт кечиради. Бироқ бу улар ўртасида ижтимоий алоқалар умуман бўлмайди, дегани эмас. Мазкур кузатув айрим ҳолатларда урғочи йўлбарслар бир-бирининг болаларига қарашда ҳам иштирок этиши мумкинлигини кўрсатади.

Мутахассислар бу ҳолат бир марталик истисно экани ёки йўлбарслар орасида кам учрайдиган хулқ-атвор намунаси эканини аниқлаш учун қўшимча кузатувлар зарурлигини билдирмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends