Наркотик моддалар муомаласи назорати учун электрон тизим жорий этилади
Local
−
13:08 315 2 minutes
Адлия вазирлиги томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи, шу билан бирга, саноат мақсадларида каннабис ўсимлигини етиштириш фаолияти устидан назоратни амалга оширишда “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш, уларни хавф даражасига қараб тоифаларга ажратиш ҳамда текширувларни ташкил этиш тартиби белгиланган. Ҳужжат 2026 йил 5 ноябрь куни 3968-сон билан рўйхатга олинган.
Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми жорий этилади. Хавф даражасини аниқлашда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади. Бунда хавфни таҳлил қилиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, хавф даражасини баҳолаш гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи, шунингдек, саноат мақсадларида каннабис ўсимлигини етиштириш фаолияти устидан назорат йўналишлари бўйича алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади. Қонунчилик бузилиши хавфи даражаси юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади.
Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади. Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.
Бундан ташқари, электрон тизимда аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмайди.
Live
All