Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди (видео)

Crime

image

Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаев 11 йилга қамалди. Бу ҳақда Фарғона вилоят судлари хабар берди. 

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг бугун, 7 августдаги ҳукми билан Анваржон Отахўжаев (1972 йилда туғилган, Наманган шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. 

Анваржон Отахўжаевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят иши бўйича 3 нафар судланувчига 7 йилдан 10,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 нафарига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 1 нафар судланувчига 3 йилга озодликни чеклаш жазолари тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Отахўжаев иши

Отахўжаев ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.

ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Билдирилишича, шаҳар ҳокими Отахўжаевга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.

Анвар Отахўжаев ушбу лавозимда 2023 йилнинг 18 декабридан буён фаолият юритиб келаётган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic