Нью-Йоркда ўқувчиларга сунъий интеллектдан фойдаланиш тақиқланди

World

image

Янги ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг Нью-Йорк шаҳриги давлат мактабларида бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларининг сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиши тақиқланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, бир йиллик тақиқ саккизинчи синфгача бўлган қарийб 600 минг нафар давлат мактаби ўқувчисига тааллуқли. Чеклов доирасида ҳозирда мактабларда қўлланилаётган 40 га яқин таълимга мўлжалланган сунъий интеллект воситасидан фойдаланиш тўхтатилади. Барча синфларда ўқувчиларга мўлжалланган чат-ботлардан фойдаланиш ҳам тақиқланади.

Бироқ юқори синф ўқувчилари учун тўлиқ тақиқ жорий этилмайди. Уларга йилига икки марта сунъий интеллект саводхонлиги бўйича дарслар ўтказилади. Шунингдек, айрим ўқувчиларга ўқитувчи назорати остида танланган сунъий интеллект платформаларидан фойдаланиш имконини берувчи пилот дастурлар ишга туширилади. Ўқитувчилар эса дарс режаларини тайёрлаш, жадвал тузиш каби маъмурий ишлар учун сунъий интеллектдан фойдаланиши мумкин.

Нью-Йорк мэри Зоран Мамдани қарорни болалар таълимида инсонлар ўртасидаги мулоқот муҳимлиги билан изоҳлаган. Унинг айтишича, ўқувчилар билим олиш ва ривожланиш учун ўқитувчилар ҳамда тенгдошлари билан мулоқот қилиши, мураккаб масалалар устида мустақил ишлаши керак.

Янги режа сунъий интеллектдан ташқари экран вақтига ҳам чекловлар жорий этишни назарда тутади. Унга кўра, 3–5-синф ўқувчилари учун экрандан фойдаланиш вақти кунига 30 дақиқа, 6–8-синфлар учун эса 45 дақиқа билан чекланади.

Маълум қилинишича, АҚШнинг камида 37 та штати мактабларда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича қандайдир расмий кўрсатмаларга эга. Бироқ мамлакат бўйлаб ягона стандарт мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ҳукумати томонидан 16 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends