Нью-Йоркда фожиа: уч қаватли бино қулаб, одамлар вайроналар остида қолди (видео)

World

−

image

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида уч қаватли турар жой биноси қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 11 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида Бруклиннинг Флэтбуш ҳудудида содир бўлган. 1930 йилда қурилган, тўртта хонадондан иборат бино ёнидаги қурилиш майдончасига қулаб тушган. Ўша вақтда майдонда қазиш ишлари олиб борилаётган бўлган.

Шаҳар ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари Жон Эспозито воқеа сабабларини аниқлаш бўйича тергов бошланганини маълум қилган. Унинг айтишича, вайроналар остида яна одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин. Ҳудудни тўлиқ текшириш учун қутқарувчиларга бир неча кун керак бўлади.

Шаҳар ёнғин хавфсизлиги департаменти комиссари Лиллиан Бонсиньоре маълум қилишича, ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 19 нафарга етган, уларнинг етти нафари болалар. Ҳалок бўлган икки кишининг ёши ва жинси ҳақида маълумот берилмаган. Шунингдек, бир нафар ўт ўчирувчи ҳам енгил тан жароҳати олган.

Нью-Йорк мэри Зоран Мамдани ҳалок бўлганлар сони камида икки нафар эканини тасдиқлаган. Жароҳатланганлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан маҳаллий шифохоналарга олиб кетилган.

Қутқарув ишлари воқеа жойига яқин ҳудудда бўлган ўт ўчирувчилар томонидан бошланган. Улар бино қулаганидан бир дақиқа ўтиб етиб келган ва дастлабки жабрланувчиларни вайроналар остидан олиб чиққан. Қидирув ишларига махсус итлар ҳам жалб этилган.

Маҳаллий ОАВга кўра, бино қулаганидан тахминан 2–2,5 соат ўтиб, вайроналар остидан камида тўрт нафар тирик қолган, жумладан, ҳомиладор аёл қутқарилган.

Расмийлар ҳозирча бедарак йўқолганлар сонини аниқлай олмаган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин бўлган барча одамларни қидиришда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кениянинг пойтахти Найробида қурилаётган 16–18 қаватли бино қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends