“Муаммолар бор”. Фидан Туркия – Озарбайжон муносабатлари ҳақида гапирди
World
−
21:10 738 3 minutes
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга путур етказиш учун айрим келишмовчиликлардан фойдаланишга йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда у кеча, 15 октябрь куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) 7-саммитида иштирок этаётганда Баку шаҳрида журналистларга маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия-Озарбайжон муносабатлари кўплаб тарихий синовлардан ўтган ва мустаҳкам стратегик пойдеворга таянади.
“Бир миллат – икки давлат” тамойили барча соҳаларда ўз аксини топмоқда. Етакчиларимиз ўртасида бузилмас дўстлик ва қардошлик ришталари мавжуд. Бу ришталар жуда оғир дамларда, урушлар ва инқирозлар даврида синовдан ўтган”, дейди Фидан.
ТИВ раҳбари айрим масалалар бўйича икки мамлакат позицияси бир-биридан фарқ қилиши мумкинлигини тан олган. Бироқ унинг сўзларига кўра, бу каби келишмовчиликлардан Анқара ва Баку ўртасидаги стратегик алоқаларни заифлаштириш учун фойдаланилишига йўл қўйиб бўлмайди.
Фидан Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, маданий, ижтимоий ва молиявий соҳаларни қамраб олганини, ижтимоий тармоқлар ҳамда коммуникация воситаларининг ривожланиши эса икки жамиятнинг бир-бирига ўзаро таъсирини кучайтирганини қайд этган.
Шу билан бирга, вазир қарашлардаги тафовутларни ижтимоий тармоқларда тарғибот қуролига айлантирмасликка чақирган.
“Биз – қадимий миллатмиз. Ўз муаммоларимизни эса кўп асрлик ўтмишимизга муносиб тарзда ҳал қиламиз: дастурхон атрофига ўтириб, уларни ўзимизга муносиб ва замонавий тарзда муҳокама қиламиз”, дейди у.
Ҳоқон Фидан ушбу масалаларни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилганини ва унинг позициясини тинглаганини маълум қилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Бакуга ташрифидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам унга тегишли топшириқларни берган.
Ҳоқон Фидан иккала томон ҳам юзага келаётган келишмовчиликлардан суиистеъмол қилинишига ва икки мамлакат муносабатларида янги тўсиқлар пайдо бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилаётганини билдирган.
“Бугунги кунда икки мамлакат намойиш этаётган стратегик ҳамжиҳатлик халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида турибди”, дейди Туркия дипломатияси раҳбари.
У Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатлар келажакда ҳам ўз белгиловчи аҳамиятини сақлаб қолишига ишонч билдирган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани ҳақида ёзмоқда. Хусусан, Озарбайжоннинг Исроил билан муносабатлари Туркия ОАВда асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланди.
Бунинг ортидан мамлакат Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 2 октябрь куни Бакуда бўлиб ўтган “Янги Озарбайжон” партиясининг VIII съездида мамлакатнинг сиёсатига ҳеч ким аралашмаслиги кераклигини айтди.
Бундан ташқари, Исроил Президенти Ицхак Герцог Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Бакуга Туркия ҳаво йўли орқали Озарбайжоннинг тижорий самолётида боргани ҳам Туркия оммавий ахборот воситаларида кун мавзусига айланди.
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October