Миллий манфаатларни ҳимоя қилиш дунёдан ёпилиш дегани эмас – Шерзод Асадов
Local
−
12:36 1468 3 minutes
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов миллий манфаатларни ҳимоя қилиш дунёдан ёпилиш дегани эмаслигини билдирди. Бу ҳақда у Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётган “Ислом цивилизацияси: янги дунё, янги ташаббуслар” халқаро медиа форумида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Форумда Шерзод Асадов замонавий журналистика олдида турган таҳдидлар, сунъий интеллект, сўз эркинлиги, миллий медиа ва журналистнинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр билдирди.
“Бугун ахборот чегара билмайди. Бир воқеа ҳақидаги хабар саноқли сонияларда миллионлаб одамларга етиб боради. Бироқ ахборот билан бирга ёлғон, манипуляция, фейк хабарлар ва ахборот хуружлари ҳам тез тарқалмоқда. Шунинг учун бугун журналистика олдидаги энг муҳим вазифалардан бири – ишончли ахборотни таъминлашдир”, деди у.
Шерзод Асадов сунъий интеллектнинг журналистикага жадал кириб келаётганига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект журналистнинг ўрнини босмайди, аксинча, унинг имкониятларини кенгайтиради.
“Технологиялар қанчалик ривожланмасин, журналистиканинг асосий мезонлари – ҳақиқат, холислик, виждон ва инсон манфаатига хизмат қилиш тамойиллари ўзгармаслиги керак”, деди Президент матбуот котиби.
У, шунингдек, замонавий журналистиканинг бугунги глобал муаммолардан бири сифатида ҳақиқий сўз эркинлиги инқирози масаласини кўтарди. Айрим ҳолларда сўз эркинлигининг сиёсий босим воситасига айланиши журналистиканинг холислиги ва ишончлилигига путур етказаётганини қайд этди.
Шерзод Асадовга кўра, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш дунёдан ёпилиш дегани эмас. Аксинча, бу – фактларга таяниш, воқеаларни холис таҳлил қилиш ва жамият билан очиқ мулоқот ўрнатишдир.
Президент матбуот котиби журналистнинг вазифаси фақат ахборот етказиш билан чекланмаслигини ҳам таъкидлади. Журналист одамларнинг дарду ташвишини эшитади, муаммоларини кўтаради ва жамоатчилик овозининг давлат идораларига етиб боришини таъминлайди.
Шу билан бирга, Шерзод Асадов форумнинг Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Президент ташаббуси билан барпо этилган ушбу маскан халқимизнинг кўп минг йиллик илмий ва маънавий меросини жаҳонга танитишга хизмат қилади.
Унинг таъкидлашича, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломалар мероси бутун башариятнинг бебаҳо бойлигидир. Хоразмий номи бугун “алгоритм” атамасида яшаб келаётгани ҳам аждодларимиз мероси замонавий илм-фан ва технологиялар билан узвий боғлиқлигини кўрсатади.
Шерзод Асадов миллий меросни фақат музей ва китобларда сақлаш билан чекланмасдан, уни замонавий рақамли форматларда, ёш авлодга тушунарли тилда ва жаҳон жамоатчилигига холис етказиш зарурлигини таъкидлади.
Live
All