Миллиардерлар Топ-10 лиги тўлиқ америкаликлар бошқарувига ўтди
Interesting
−
13:40 822 3 minutes
Франция фуқароси, LVMH (Christian Dior, Bulgari ва Loro Piana брендлари эгаси) асосчиси Бернар Арно “Bloomberg” миллиардерлар рейтингининг биринчи ўнлигидан чиқиб кетди. У 143 миллиард доллар бойлик билан 11-ўринни эгаллади. Натижада биринчи ўнликда фақат америкалик тадбиркорлар қолди.
Пешқадамликни ҳамон Илон Маск (919 миллиард доллар) ушлаб турибди, иккинчи ўринда Ларри Пейж (286 миллиард доллар), учинчида эса Жефф Безос (274 миллиард доллар) бормоқда. Топ-10 таликка, шунингдек, Сергей Брин (266 миллиард доллар), Майкл Делл (245 миллиард доллар), Марк Цукерберг (229 миллиард доллар), Ларри Эллисон (208 миллиард доллар), Женсен Хуанг (181 миллиард доллар), Стив Балмер (172 миллиард доллар) ва Уоррен Баффет (144 миллиард доллар) кирган.
“Bloomberg”нинг қайд этишича, 2012 йилда индекс ишга туширилганидан бери илк бор етакчи ўнта ўриннинг барчасини америкаликлар эгаллаб турибди. Арно ўнинчи ўринни бойлиги 144 миллиард долларга баҳоланаётган Уоррен Баффетга бой берган.
“Forbes” рейтингида ҳам Арно биринчи ўнликдан ташқарида – 13-ўринни эгаллаган. Ундан юқорида “Bloomberg” рўйхатидаги америкалик миллиардерлар, шунингдек, Zara асосчиси Амансио Ортега (141,2 миллиард доллар) ва Walmart меросхўри Роб Уолтон ҳамда унинг оиласи (130,3 миллиард доллар) жойлашган.
Арно 2017 йил мартидан бери рейтингнинг биринчи ўнлигига кириб келар эди ва қисқа муддатга унинг пешқадамига ҳам айланган. У Шимолий Америкадан ташқарида рўйхатни бошқарган биринчи инсон бўлган.
Йил бошидан бери 77 ёшли Арнонинг бойлиги 65 миллиард долларга камайган. Бу дунёдаги энг бой 500 киши орасидаги энг йирик пасайиш бўлган. Миллиардернинг LVMH бизнесига люкс брендлар ва алкоголга бўлган талабнинг тушиб кетиши, жумладан Яқин Шарқдаги низо фонида Дубайдаги ва Хитой бозоридаги муаммолар таъсир кўрсатган.
Бернар Арно Франциянинг Louis Vuitton Moet Hennessy (LVMH) холдингини бошқаради, унга 70 дан ортиқ бренд, шу жумладан Louis Vuitton ва Sephora тегишли. 2021 йилда компания Tiffany’ни 15,8 миллиард долларга сотиб олди. Бу унинг тарихидаги энг йирик харид бўлган.
Арно 1949 йилда Францияда туғилган, Политехника олийгоҳини тамомлаган ва фаолиятини оилавий қурилиш бизнесида бошлаган. 1984 йилда у Christian Dior тегишли бўлган ва касодга учраган Boussac гуруҳига сармоя киритган. Икки йил ичида Арно 9 мингга яқин ходимни бўшатган ва Dior’ни сақлаб қолган ҳолда активларнинг катта қисмини сотган. 1988 йилда Арно LVMH’га сармоя киритган, кейинчалик компания устидан назоратни ўрнатган. Шундан сўнг у Bvlgari бренди, ҳашаматли буюмлар ва алкоголь ишлаб чиқарувчиларни сотиб олиб, холдингни фаол кенгайтиришни бошлаган.
Арно раҳбарлиги остида LVMH бозор капиталлашуви бўйича энг йирик Европа компаниясига айланган. 2023 йил апрель ойида унинг капиталлашуви 500 миллиард доллардан ошган, акциялари эса рекорд даражадаги 904,6 еврога етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги миллиардерлар сони 2025 йилда рекорд даражада кўпайиб, 3 795 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди. Бу эса бир йилда 8,2 фоизлик ўсишни англатади.
Live
All