Мерц Трамп билан телефонда суҳбатлашишни истамади
World
−
12:12 932 2 minutes
Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШ Президенти Доналд Трамп билан режалаштирилган телефон суҳбатини бекор қилди. Бу ҳақда Германия ҳукумати вакили Стефан Корнелиус маълум қилди.
Корнелиуснинг қайд этишича, суҳбат кеча, 9 сентябрь санасида бўлиб ўтиши керак бўлган. Бироқ ҳукумат вакили суҳбатнинг янги санаси ва унинг кейинга қолдириш сабабини очиқламаган.
Суҳбат АҚШда эртага, 11 сентябрдаги террор ҳужумларининг 25 йиллиги арафасида ўтказилиши керак эди.
Аввалроқ, Трамп Германиянинг ўнг қанотдаги “Германия учун муқобил” (AfD) партиясининг Саксония-Анхальтдаги ҳудудий сайловлардаги ғалабасини мамлакатдаги иммиграция қоидалари билан боғлаганди. У ўзининг Truth Social саҳифасида Германиядаги популистик партия учун сайлов куни жуда катта оқшом бўлганини ёзиб, мамлакатдаги иммиграция қоидалари ва тартибларини танқид қилган.
“Reuters”нинг ёзишича, Мерцнинг Бош матбуот котиби Стефан Корнелиус Трампнинг ушбу баёнотига бевосита изоҳ бермаган. Бироқ у Мерц хорижий давлатларнинг Германия ички сиёсатига, айниқса сайловлар билан боғлиқ масалаларга аралашуви ёки баёнотларини мутлақо мумкин эмас деб ҳисоблашини билдирган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва Германия анъанавий равишда яқин иттифоқчилар ҳисобланади. Бироқ Трамп президентлик лавозимига қайтганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар бож тарифлари, АҚШ – Исроилнинг Эронга қарши уруши ва Украинани қўллаб-қувватлаш каби қатор масалалардаги келишмовчиликлар сабабли синовдан ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Саксония-Анхальт федерал ерида бўлиб ўтган сайловларда “Германия учун альтернатива” (ГуА) партияси ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All