Мексика полицияси ва губернаторларини назорат қилган наркобарон вафот этди

World

−

image

Гвадалахара картели асосчиси Мигель Анхель Феликс Гальярдо 80 ёшида шифохонада вафот этди. 1989 йилдан бери қамоқда сақланган наркобарон электрон билагузук ишидаги носозлик туфайли уй қамоғига чиқа олмаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, “Чўқинтирган ота” ва “боссларнинг босси” номлари билан танилган Гальярдо она шаҳри Гвадалахарадаги клиникада қамоқхона полицияси қўриқлови остида оламдан ўтган.

1980 йилларда у Мексика картелларини Пабло Эскобар картели билан бирлаштириб, жиноий бозор қоидаларини ўзгартириб юборган. Ушбу альянс орқали АҚШга жами кокаиннинг 80 фоизигача кириб борган. Ҳокимияти чўққисига чиққан даврда Гальярдо Мексика полицияси ва губернаторларини назорат қилган, унинг империясидаги логистика учун эса Синалоа картелининг бўлажак раҳбари Хоакин “Эль Чапо” Гусман масъул бўлган.

Картелнинг қулаши 1985 йилда АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси (DEA) агенти Энрике “Кики” Камарена ўлдирилганидан сўнг бошланган. Шундан кейин АҚШнинг кенг кўламли рейдлари ва 1989 йилда Гальярдонинг ҳибсга олиниши юз берган.

2022 йилда оғир хаста наркобаронни уй қамоғига ўтказиш режалаштирилган, бироқ электрон билагузук бузилиб қолгани сабабли у ҳибсда қолган. Унинг ҳаёт йўли Netflix’нинг “Наркос: Мексика” сериалига асос бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic