Меҳмонхона спорт залини нарко-омборга айлантирганлар ушланди (видео)
Crime
−
11:24 1421 2 minutes
Тошкент ва Фарғонада ўтказилган тезкор тадбирлар давомида наркотик моддаларни яшириш ва ташиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Тошкентда меҳмонхона спорт залидаги жавондан қарийб 5 килограмм наркотик модда топилган бўлса, Фарғонада 810 грамм гашишни Тошкент вилоятига олиб кетаётган 3 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирининг спорт залидаги жавондан аввал наркошоп омборчиси сифатида фаолият юритган ва ҳозирда қамоқда сақланаётган шахсга тегишли наркотик моддалар топилган. Хусусан, 325 та флаконга қадоқланган, умумий оғирлиги 4 килограмм 800 грамм бўлган гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Маълумотларга кўра, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 15 килограмм гашиш мойи ва “опий” гиёҳвандлик воситалари истеъмолдан чиқарилган. Уларнинг миқдори 75 минг дозага тенг экани айтилмоқда.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Данғара туманида ҳам йирик наркосавдогарлар қўлга олинган.
Манбага кўра, 1969 йилда туғилган, аввал 2 марта Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан судланган шахс наркотик моддалар савдосига турмуш ўртоғи ва жиянини ҳам жалб қилган.
Улар Lacetti автомашинасининг люк қисмига 810 грамм гашиш яшириб, уни Тошкент вилоятида сотиш мақсадида олиб кетаётган вақтида Данғара тумани ҳудудида қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида хориждан синтетик гиёҳвандлик воситасини ноқонуний олиб киришга уринган 2 нафар йўловчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All