Маълумотларни бошқариш комиссияси тузилади

Local

image

Ўзбекистонда Маълумотларни бошқариш комиссияси ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режалар кўриб чиқилган. Тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш, уларга ишлов бериш вақтини 20 фоизга ва харажатларни 25 фоизга камайтириш мақсад қилинган.

Маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинган.

Комиссия жорий йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини тўлиқ хатловдан ўтказади, 2027 йил 1 майгача уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Платформа маълумотларни ягона тизимга интеграция қилиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, таҳлил ва замонавий рақамли хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича лойиҳа офисини ташкил этиш ва давлат идоралари учун “Очиқ маълумотлар рейтинги”ни жорий қилиш таклиф этилган.

Статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида Маълумотларга асосланган бошқарув мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлат идоралари, бизнес, статистика органлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқотчилар ва талабалар учун маълумотларни бошқариш, бизнес-таҳлил, сунъий интеллект, маълумотлар журналистикаси ва визуализация бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Миллий статистика тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳам кенгайтирилади. 2027 йил 1 июлга қадар статистик маълумотлар сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилинади. Статистик кўрсаткичларни таққослаш ва чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи сунъий интеллект агентлари жорий этилади. 2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.

Шунингдек, 2027-2028 йилларда Мультииндикатор кластер кузатувининг еттинчи раундини ўтказиш ҳамда Халқаро валюта жамғармаси иштирокида миллий статистика тизимининг халқаро стандарт ва кодексларга мувофиқлигини баҳолаш режалаштирилган.

Тақдимотда “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган. Унда статистика тизимини мувофиқлаштириш ва маълумотлар сифатини таъминлаш, халқаро стандарт ва методологияларни жорий этиш, рақамли трансформация, маъмурий ва муқобил маълумотлардан кенг фойдаланиш ҳамда фойдаланувчига йўналтирилган очиқ статистикани ривожлантириш устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Давлат раҳбари аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлаган.

Мутасаддиларга рўйхатга олиш натижаларини чуқур таҳлил қилиб, давлат дастурларида кенг қўллаш, бизнесни рўйхатга олиш тадбирини сифатли уюштириш, маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини жорий қилиш ҳамда миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида изчил ривожлантириш бўйича топшириқлар берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends