Лос-Анжелесда автомобиль пиёдалар ва кўча савдогарларини уриб юборди. Қурбонлар бор
World
−
10:30 517 2 minutes
АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри Шимолий Голливуд ҳудудида автомобиль метро бекати яқинида пиёдалар ва кўча савдогарлари гуруҳини уриб кетди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, камида яна уч киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ABC7 телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 10 ноябрь куни тушдан кейин, маҳаллий вақт билан соат 17:55 атрофида Шимолий Голливуддаги Ланкершим булварининг 5300-блокида, Чандлер булвари яқинида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, оқ рангли автомобиль метро бекати яқинидаги пиёдалар йўлагига чиқиб кетиб, у ердаги одамларни уриб юборган. Тўқнашувнинг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Лос-Анжелес ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, уч киши воқеа жойида вафот этган деб эълон қилинган. Яна камида уч нафар жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.
Полиция хабарига кўра, автомобилни бошқарган, тахминан 60 ёшлардаги эркак ҳам оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Уни машина ичидан қутқарувчилар чиқариб олган. Ҳайдовчи ҳушида бўлган, бироқ кучли руҳий зарба олган ҳолатда экани айтилган. Ҳодиса вақтида автомобиль жануб томон ҳаракатланган.
Лос-Анжелес мэри Карен Басс ҳам ҳодиса юзасидан баёнот берган. Унинг сўзларига кўра, автомобиль метрo бекати яқинидаги пиёдалар йўлагига чиқиб кетиб, кўча савдогарлари ва пиёдаларни урган. Мэр ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, шаҳар хизматлари ҳодиса сабабларини аниқлаш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Шимолий Каролина штатида автомобиль 30 нафар велосипедчидан иборат гуруҳни уриб юборган эди.
Live
All