Конгода Эбола қурбонлари сони 2 мингдан ошди
World
−
15:35 331 2 minutes
Конго Демократик Республикасида Эбола вирусидан вафот этганлар сони 2 мингдан ошди. Мамлакатда қайд этилган тасдиқланган ҳолатлар сони эса 4 мингдан кўпайган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Конго соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, мамлакатнинг беш провинциясида Эбола билан боғлиқ 4 381 та тасдиқланган ҳолат аниқланган. Вирус оқибатида вафот этганлар сони эса 2 011 нафарга етган.
Маълумотларга кўра, бу Конго Демократик Республикасида қайд этилган 17-Эбола эпидемияси ҳисобланади. Ҳозирги эпидемия “Bundibugyo” штамми сабаб юзага келган бўлиб, унга қарши тасдиқланган вакцина ёки даволаш воситаси мавжуд эмас.
Мутахассислар вируснинг аввалги эпидемияларга қараганда тезроқ тарқалаётганини таъкидламоқда. Бунга касалликни кеч аниқлаш, қуролли можаролар ва тиббий хизматларнинг етишмовчилиги сабаб бўлаётгани айтилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур эпидемияни халқаро аҳамиятга эга жамоат саломатлиги фавқулодда ҳолати деб эълон қилган. Эпидемия қўшни Уганда ҳудудида ҳам ҳолатлар қайд этилишига сабаб бўлган.
Нашрнинг ёзишича, Конго ҳудудидаги жорий Эбола эпидемиясида қурбонлар сони уч ойдан камроқ вақт ичида 2 минг нафарга етган. Таққослаш учун, 2018-2020 йиллардаги эпидемияда 2 мингта ўлим қайд этилишига бир йилдан кўпроқ вақт кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасидаги Эбола вируси тарқалиши давом этаётган эпидемия даврида тасдиқланган касалланишлар сони илк бор 4 000 дан ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All