“Комага тушган” Ким Чен Ин оммага кўриниш берди
World
−
10:40 3948 2 minutes
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин миясига қон қуйилгани ва комага тушгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар тарқалганидан сўнг омма олдида кўриниш берди. Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги (KCNA) томонидан унинг кийим-кечак ва пойабзал кўргазмасига ташриф буюргани акс этган суратлар эълон қилинди.
KCNA эълон қилган суратларда Ким Чен Иннинг кеча, 19 октябрь куни кўргазмага ташриф буюргани акс этган. Унга қизи Жу Аэ ва рафиқаси Ри Сол Жу ҳамроҳлик қилган. Суратларда Ким маҳсулотларни кўздан кечираётгани ва расмийлар билан мулоқот қилаётганини кўриш мумкин.
Унинг жамоатчилик олдида кўриниш бериши ижтимоий тармоқларда соғлиғига оид турли хабарлар тарқалганидан кейин юз берди. Айрим хабарларда Шимолий Корея раҳбарининг миясига қон қуйилгани, комага тушгани ва шошилинч даволаниш учун Пекинга олиб кетилгани даъво қилинган.
Шунингдек, Ким Чен Ин вафот этган тақдирда унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар билдирилган. Унинг қизи Жу Аэ ва синглиси Ким Ё Жонг эҳтимолий ворислар сифатида тилга олинган. Бироқ Шимолий Корея етакчисининг соғлиғи ҳақидаги даъволар ишончли далиллар билан тасдиқланмаган.
KCNA хабарига кўра, Ким Чен Ин кўргазма билан танишиб, мамлакатда кийим-кечак ва пойабзал саноатининг ривожланишини юқори баҳолаган.
“Кўргазмада 70 мингдан ортиқ кийим-кечак ва 170 мингдан ортиқ жуфт пойабзал намойиш этилди”, дейилади Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги хабарида.
Маҳсулотлар Ким Чен Иннинг йирик шаҳарлардан ташқарида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган сиёсати доирасида мамлакат бўйлаб заводларда ишлаб чиқарилган.
Ким Чен Иннинг соғлиғи ҳақидаги миш-мишлар аввал ҳам бир неча бор тарқалган. У қисқа муддатга жамоатчилик олдида кўринмай қолса, саломатлиги ва эҳтимолий вориси ҳақида турли тахминлар пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг вазни 140 килограммдан ошиб кетгани ҳақида хабар берди.
Маржона Маманиёзова
Live
All