КХДР БМТнинг ядро дастури бўйича резолюциясига кескин муносабат билдирди

World

image

КХДРнинг ядровий давлат сифатидаги мақоми АҚШ, бошқа Ғарб мамлакатлари, шунингдек, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) томонидан тан олинишига муҳтож эмас. Бу ҳақда КХДР Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги томонидан тарқатилган баёнотида айтилади.

“Дўст бўлмаган кучлар МАГАТЭ ичида ва ташқарисида бизнинг конституциявий мақомимизни инкор этишга қанчалик уринмасин, КХДРнинг аллақачон жисмоний ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган ядровий давлат мақоми енгиб бўлмас кучдир”, дейилади ҳужжатда.

МАГАТЭ Бош конференциясининг 70-сессиясида жорий йилнинг 17 сентябрь куни қабул қилинган КХДР бўйича резолюция жавоб баёнотига сабаб бўлди. Пхеньяннинг кўрсатишича, ушбу резолюцияда ядровий қурол ва ядровий дастурлардан тўлиқ, текшириладиган ва ортга қайтмас тарзда воз кечиш талаблари ўрин олган.

КХДР ўз навбатида Шимолий Корея аллақачон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) ва МАГАТЭ таркибидан чиққанини эслатган. Шу сабабли ташкилот томонидан қабул қилинган бундай қарор ноқонуний ва “ҳеч қандай таърифга сиғмайдиган” ҳолат.

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни КХДР АҚШ ва Жанубий Кореянинг оммавий қирғин қуролларига қарши курашиш қўмитаси (CWMDC) йиғилишига жавобан ядровий кучлар тўғрисидаги қонунни ишга солиш билан таҳдид қилгани маълум бўлган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин эса кейинчалик Пхеньян ҳарбий қудратни оширишда давом этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Кореянинг асосий Йонбён ядровий мажмуасида 28 тагача центрифуга каскадини жойлаштириш мумкин бўлган янги уран бойитиш иншооти қурилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends