Кир босган ўриндиқлар: Тошкентда автобус ҳолати сабаб механиклар жазоланди
Local
−
18:47 672 1 minute
Тошкент шаҳрида 66-сонли автобус салонининг санитария ҳолати талабга жавоб бермагани учун уч нафар навбатчи механикнинг ойлик маошидан 10 фоиз миқдорида жарима ундирилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 13 октябрь куни Telegram’да “12-автобус саройи” филиалига қарашли, 66-сонли “Йўлдош 17-мавзеси – Тошкент вокзали” йўналишида ҳаракатланувчи 205-сарой рақамли автобус салонининг санитария ҳолати танқид қилинган пост эълон қилинган.
Мурожаат ўрганилгач, автобус шу куннинг ўзида йўналишдан қайтгач, ювиш шохобчасида тўлиқ ювилган. Шунингдек, салоннинг ички қисми махсус тозалаш воситалари ёрдамида санитария талабларига мувофиқ тозаланган.
Аниқланган камчиликлар сабаб навбатчи механиклар Х. Д., Р. В. ва Ў.А. билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, улардан тушунтириш хатлари олинган. Шундан сўнг уларга белгиланган тартибда ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ йўловчиларга қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш, автобусларнинг санитария ҳолатини доимий назорат қилиш ҳамда бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрилишини билдирган.
“12-автобус саройи” филиали юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда автобусни ҳаракатланиш вақтида эшикларини ёпмасдан бошқарган ҳайдовчига нисбатан интизомий чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All