Кимё заводида кучли портлаш: 7 киши ҳалок бўлди (видео)

World

−

image

Кеча, 1 октябрь куни Россиянинг Москва вилоятидаги Краснозаводск кимё заводида кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса “Ростех”га қарашли Краснозаводск кимё заводида юз берган. Маҳаллий аҳоли учта кучли портлаш овозини эшитгани ва уйлар силкинганини айтган. Шундан сўнг корхона ҳудудида ёнғин бошланган.

Ёнғин чиққан бинодан қарийб 40 нафар ишчи эвакуация қилинган. Россия Фавқулодда вазиятлар хизматлари вакили “РИА Новости”га вайроналар остида ҳали ҳам одамлар борлигини маълум қилган.

“Shot” маълумотига кўра, ҳалок бўлган 7 киши 4-цехда бўлган. Мазкур цех портлаш оқибатида тўлиқ қулаган. Жабрланган ишчиларнинг сўзларига кўра, цехда бундан кўпроқ одам ишлаган.

“The Moscow Times”нинг Telegram каналларга таяниб хабар беришича, заводда хавфли юк бўлган таркиб портлаган, оқибатда 8 киши ҳалок бўлган ва яна 30 кишининг тақдири эса номаълум. Расмий маълумотларда қурбонлар сони ҳозирча 7 киши экани айтилган.

Ҳодиса жойида учта тез ёрдам бригадаси ва Тиббий офатлар марказининг иккита бригадаси ишламоқда. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда.

Нашрга кўра, гувоҳлар тасвирга олган кадрларда корхона устида кучли ёнғин ва қуюқ тутун кўтарилаётгани акс этган. Тезкор хизматлар ҳодисани техноген хусусиятга эга деб баҳолаган. Мазкур ҳудудда ҳаво ҳужуми ҳақида хабар берилмаган.

Маълумотларга кўра, Краснозаводск кимё заводи патронлар ва пиротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Болгариянинг марказий қисмидаги қурол-яроғ сақланадиган ҳудудда портлаш бўлиб, ҳодиса сабабли мамлакатдаги ўқ-дори омборларидан бирида ёнғин чиққан эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends