Хитой хакерлари АҚШ давлат идораларининг тармоқларига ҳужум қилди

World

image

АҚШ Хитой билан боғлиқ хакерлар гуруҳи Адлия вазирлиги, NASA, Федерал захира тизими, Сенат ва бошқа муҳим давлат тармоқларига киргани ёки бунга уринганини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.

Вазирлининг маълум қилишича, операция доирасида хакерлар фойдаланган QScan ва QTRouter деб номланган икки платформага тегишли доменлар мусодара қилинган. Тергов ҳужжатларида Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва Инсон хизматлари вазирлиги, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари ҳамда АҚШ ва Жанубий Кореядаги 4 та компания ҳужумлардан жабрланганлар қаторида қайд этилган.

Қайд этилишича, АҚШ томонининг билдиришича, платформалар Хитойнинг Нанкин шаҳрида жойлашган Nanjing Xinjiuwei Network Technology Company компанияси томонидан бошқарилган. Адлия вазирлиги ушбу компания мижозлари орасида Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ва Халқ озодлик армияси борлигини айтган.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили АҚШ идораси баёнотида келтирилган аниқ маълумотлардан хабарсиз эканини билдириб, Хитой ҳукумати барча турдаги киберҳужумларга қатъий қарши эканини баён қилган. Унинг таъкидлашича, АҚШ киберхавфсизлик масалаларидан Хитойни “қоралаш ёки обрўсизлантириш” учун фойдаланмоқда.

Тергов ҳужжатларига кўра, хакерлар камида 2018 йилдан бери АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги муҳим инфратузилма ҳамда махфий тармоқларга кириш учун ўзлари ишлаб чиққан воситалардан фойдаланган. Ҳужжатда уларнинг барча ҳужумлари муваффақиятли бўлмагани ҳам қайд этилган.

Жумладан, 2019 йил август ойида хакерлар виртуал хусусий тармоқдаги заифликдан фойдаланиб, NASA тармоқларига киришга уринган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз якунланган. 2024 йил сентябрда эса Энергетика вазирлигининг учта лабораторияси, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир агентлиги ва АҚШдаги хавфсизлик қурилмалари ишлаб чиқарувчисига ҳужумлар амалга оширилган.

Билдирилишича, АҚШ Федерал тергов бюроси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Киберқўмондонликнинг Миллий кибер миссия кучлари ҳам хакерлик ҳаракатлари ҳақида қўшма ҳисобот эълон қилган. Унда 2024 йил май ойида мудофаа соҳасидаги пудратчилар, молия ташкилотлари ва университетлардан маълумотлар ўғирлангани айтилган.

2026 йил март ойида эса хакерлар АҚШ Сенати ва мамлакатдаги шифохоналардан бирининг тармоқларидаги заифликларни текширган ва уларга киришга уринган, бироқ бу ҳаракатлар муваффақиятсиз бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends